Рождество байрами муносабати билан қилган нутқида АҚШнинг сайланган Президенти янги маъмурият келаси ой Оқ уй бошқарувини қўлга олгандан кейин ташқи сиёсатда ҳал қилинадиган баъзи устувор йўналишларни ошкор қилди.

“IRNA news” ёзишича, Дональд Трамп Украинадаги урушни тўхтатиб, Яқин Шарқдаги тарангликни бартараф этиш ва Учинчи жаҳон уруши хавфи пайдо бўлишининг олдини олишга ваъда берган.

– Биз аҳмоқона хорижий урушларда Америка иштирокини тўхтатамиз, – деди Трамп.

У АҚШ ҳарбийларига “Америка осмонини ҳимоя қилиш учун Темир гумбаз тизими яратиш” буюрилганини ҳам қўшимча қилди.

Қўшма Штатларнинг янги раҳбари Яқин Шарққа ҳам жиддий эътибор қаратиб, баъзи араб етакчилари билан учрашишга улгурди. Шунингдек, Байден маъмуриятини ташқи сиёсатдаги муваффақиятсизлиги учун қайта-қайта айблаб, “Америка учун олтин аср кириб келмоқда” дея хитоб қилди.