Қозоғистонда гандбол бўйича эркаклар жамоалари ўртасида ўтказилаётган Марказий Осиё чемпионатининг олтинчи кунги ўйинлари якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал чемпионликни тантана қилди.

Мамлакатимиз гандболчилари олтинчи кунги ўйинда Тожикистон жамоасини олтита тўп фарқи билан мағлуб этди.

Шиддатли кечган баҳсда гандболчиларимиз 26:20 ҳисобида зафар қучди. Бу билан Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал Марказий Осиё чемпиони номига сазовор бўлди.

Янги йил байрами арафасида ўзбекистонлик спорт ихлосмандларига ўзига хос совға бўлган чемпионат давомида Ўзбекистон терма жамоаси барча ўйинларда 100 фоизлик натижа қайд этди.

Бугун, 21 декабрь чемпионатнинг сўнгги куни Ўзбекистон терма жамоаси учун мусобақа низомига биноан дам олиш куни сифатида белгиланган. Охирги ўйин кунида Қозоғистон – Қирғизистон, Туркманистон – Мўғулистон, Тожикистон – Покистон жамоалари ўзаро рақобатлашади.

Ушбу ўйинлар натижасига кўра чемпионатнинг кумуш ва бронза медали эгалари аниқланади.

Т.Рўзиев, ЎзА