Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда.

Термиз Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида ўтказилаётган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган юздан ортиқ ёшлар ғолиблик учун ўзаро рақобатлашмоқда.

Чемпионатнинг навбатдаги кунида 4 та вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Унда ўғил болалар ўртасидаги -73 ва -81 кг. вазндаги беллашувларда Бунёд Сафаров (Тошкент вилояти) ва Самариддин Муҳибиддинов (Тошкент шаҳри) барча рақибларини мағлуб этган ҳолда олтин медал билан тақдирланди.

Қизлар ўртасида вазни -63 кг. бўлган Сарвиноз Ҳусанова (Самарқанд) финалда Асал Каримжонова (Тошкент шаҳри) устидан зафар қучиб, Ўзбекистон чемпионига айланган бўлса, Гулғунча Кўкламова (Хоразм) ҳамда Адина Абулқосимова (Тошкент вилояти) бронза медалига сазовор бўлди. 70 килограммгача вазнда беллашган Хуршида Раззоқбердиева (Хоразм) олтин, Барчиной Қодирова (Хоразм) кумуш, Азада Медетбаева (Қорақалпоғистон) ҳамда Тойгул Ҳамроева (Бухоро) бронза медаль соҳибига айланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА