AҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трамп Панама давлатини шу номдаги машҳур каналдан фойдаланиш учун ортиқча тўлов олишда айблади. У, агар тўғри бошқарилмаса, иншоотни AҚШга қайтаришни талаб қилмоқчи.

Ижтимоий тармоқ орқали ушбу канал AҚШ савдосида муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаган Трамп собиқ Президент Жимми Картернинг сув оқими устидан назоратни Панамага топшириш қарори “хато” бўлганини тан олган.

Аслида бу объект “бошқалар манфаати учун эмас” икки давлат ҳамкорлиги рамзи сифатида берилганини қўшимча қилган сиёсатчи Панама каналдан фойдаланиш учун жуда катта тўлов ундираётганини даъво қилди.

– Мамлакатимизни талон-тарож қилиш зудлик билан тўхтатилиши керак, – деди Трамп. – Канал нотўғри қўлларга ўтишига йўл қўймаслик лозим. – Aгар маънавий-ҳуқуқий тамойил ҳурмат қилинмаса, бу саховатли манба ўзимизга тўлиқ ва ҳеч қандай эътирозсиз қайтарилишини талаб қиламиз.

Канал маъмурияти маълумотига кўра, Қўшма Штатлар 2023 йил Панама орқали тахминан 125,6 миллион тонна юк ўтказган.