Миллий матбуот марказида 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган тадбирлар ва жорий ҳафтада кутилаётган муҳим воқеалар ҳақида журналистларга маълумот берди.

Ўтган ҳафта Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик ишларига оид тақдимот, чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари 7 май куни Россия Президенти Владимир Путин ва Қозоғистоннинг Биринчи Президенти, Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон мулоқотлари ўтказди. 9 май куни Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғида ўтказилган байрам тадбирида қатнашди. Ушбу тадбирлар расмий пресс-релизлар ва ЎзА каналлари орқали батафсил ёритилди.

Брифингда мазкур воқеалар ҳақидаги расмий пресс-релизларга кирмаган қизиқарли маълумотлар, фикрлар журналистларга етказилди. Масалан, чет тилларини ўқитишни такомиллаштириш бўйича видеоселектор ҳақида қуйидаги фикрлар билдирилди.

– Нима учун бу тадбир давлат раҳбари даражасида ўтказилди? Чунки ёшларнинг чет тилларини билиши ҳамма соҳалар ривожига асос бўлади. Мана, ҳозир ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликда заводлар, ташкилотлар, университетлар, клиникалар очиляпти, технологиялар кириб келяпти. Уларни ким ишлатади, технологияларни ким тушунади? Албатта, буларнинг ҳаммаси учун чет тилини билиш керак, буни ҳаётнинг ўзи талаб қиляпти. Ривожланган давлатларга борсангиз, ҳамма ёшлар хорижий тилларни билади. Бу бўйича камчилигимиз бугун барча соҳаларда сезиляпти. Агар эндиям эътибор бермасак, дунёдан орқада қолиб кетамиз, – деди Шерзод Асадов.

Президентимизнинг Россия ва Қозоғистон етакчилари билан телефон сууҳбатларида ҳам ахборотларга кирмаган жиҳат – мулоқотларнинг руҳи ва муҳити бўлгани алоҳида таъкидланди.

Ғалаба боғида Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган байрам тадбири халқимизнинг музаффар боболаримиз хотираси ва бугун ҳаёт бўлган уруш ва фронт орти меҳнат фахрийларига кўрсатган муносиб эҳтироми бўлди.

– Аввало, Ғалаба боғининг ўзи Президентимиз томонидан яратилган тарихий асар, деб эътироф этилмоқда.  Бу жой ота-боболаримиз жасоратини улуғлайдиган, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган табаррук зиёратгоҳга айланиб бормоқда, – деди Президент матбуот котиби.

Тадбирда бу ҳафтада кутилаётган муҳим тадбирлар ҳақида ҳам маълум қилинди. Унга кўра, ҳафта давомида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги, соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш жараёнлари ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тақдимотлар, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича видеоселектор ўтказилиши мўлжалланган.

Президент Япония етакчиси ҳамда минтақамиз мамлакатлари раҳбарлари билан мулоқотлар ўтказиши режалаштирилгани ҳам маълум қилинди.