7 май куни Марказий Осиё халқаро институтининг хорижий илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатишга доир амалга оширилаётган ишлари доирасида Хитойнинг Шэньси педагогика университети ходимлари билан видеомулоқот шаклида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Хитой томонидан Шеньси университети президенти Ю Сюйцюнь, вице-президент Жэнь Сяовэй, шунингдек, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотлар маркази директори Ли Ци иштирок этди.
Сўнгги йилларда икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон – Хитой стратегик шериклик муносабатларининг юқори суръати қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқоти мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалардаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Томонлар таъкидлаганидек, 11-12 май кунлари Сиань шаҳрида “Марказий Осиё + Хитой” форматидаги Ташқи ишлар вазирлари учрашуви ўтказилиши минтақавий ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Суҳбат чоғида Шеньси давлат педагогика университети президенти Ю Сюйцюнь мамлакатимизнинг минтақада тутган ўрни, Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги кўп йиллик тарихий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро алоқаларнинг юксак даражасини қайд этди.
Тадбирда Марказий Осиё халқаро институти ва Шеньси педагогика университети ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, бунинг учун аниқ қадамлар белгилаб олинди.
Музокаралар якунида Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров ва Шэньси педагогика университети президенти Ю Сюйцюнь ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Маълумот ўрнида: Шэньси педагогика университети 1944 йил Шэньси провинцияси Сиань шаҳрида ташкил этилган. Ушбу олийгоҳ Хитой таълим вазирлиги томонидан бошқарилади ҳамда менежмент ва ўқитувчилар тайёрлайди. У Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги “таълим бешиги” сифатида обрўли олий таълим даргоҳи ҳисобланади.
ЎзА