Аввал хабар қилганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” саройида бўлиб ўтказилаётган Наврўз байрами тантаналарида иштирок этиб, халқимизга табрик йўллади.
Давлатимиз раҳбари ўз табригида буюк халқимизни бунёдкорликка руҳлантираётган ғоялар ҳақида тўхталди.
– Янги кун, янги фасл рамзи бўлмиш Наврўзнинг ўлмас руҳи ва фалсафаси янги Ўзбекистон ғояси билан беҳад уйғун ва ҳамоҳангдир.
Бутун олам, еру кўк уйғонаётган шу ажиб фаслда юртимиздаги янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс орзуси қалбларимизга беқиёс куч ва ишонч олиб кирмоқда, – деди Президентимиз. – Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан биз кенг кўламли ислоҳотларимизни қатъий давом эттирмоқдамиз. Эл-юртимиз манфаати, азиз фарзандларимиз келажагини таъминлашга хизмат қиладиган мана шу яккаю ягона тўғри йўлдан, қанчалик қийин бўлмасин, ҳеч қачон ортга қайтмаймиз.
Айни шу мақсадни кўзлаб, мамлакатимизда ўнлаб замонавий корхоналар, саноат ҳудудлари ва кластерлар, “IT-парк” ва технопарклар, транспорт-коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, янги-янги боғча ва мактаблар, олий ўқув юртлари, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз тобора обод бўлиб, юртимиз янада чирой очмоқда, деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА