Пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” мажмуасида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан тантанали шодиёна бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз табригида бу йилги байрамнинг муҳим жиҳати ҳақида тўхталди:

– Азалдан яшариш ва янгиланиш, баҳорий уйғониш тимсоли бўлган Наврўзи олам биз учун янада суюкли ва ардоқли бўлиб бормоқда.

– Бу йилги Наврўзнинг яна бир муҳим жиҳати – у жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик шонли байрами арафасида нишонланмоқда, – деди Президентимиз. – Наврўз – чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир.

Қаранг, минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ниятлар билан кутиб олган бўлса, бугун ҳам халқимиз шундай баланд руҳ билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда. Ям-яшил дала ва боғларда, майдон ва хиёбонларда, қишлоқ ва овулларда, барча маҳаллаларда Наврўз тароналари, Наврўз наволари янграмоқда.

Қир-адирларда мард ўғлонлар от чоптириб, кураш тушмоқда. Кексаю ёш юртдошларимиз сумалак тўла қозонлар атрофида сайиллар қилиб, баҳор неъматларини, байрам қувончини ўзаро баҳам кўрмоқда.

Мана шундай шукуҳли дамларда барчамиз тинч ва осойишта ҳаёт қадрини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.

Шу файзли кунларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз эзгу ният билан қадрдон даласига йўл олмоқда.

Келинглар, бободеҳқонларимизни янги меҳнат мавсуми билан қутлаб, ҳосилларимиз мўл бўлсин, ризқу насибамиз зиёда бўлсин, деб дуо қилайлик, деди Шавкат Мирзиёев.

ЎзА