Юртимизга барчамиз орзиқиб кутган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам кириб келди. Шаҳару қишлоқларда, маҳаллаларда, овулларда Наврўз байрамига бағишланган халқ сайиллари, лапару айтишувлар, спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.

Пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” мажмуасида Наврўзга бағишланган асосий байрам шодиёнаси бошланди.

Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқимизга байрам табриги йўлламоқда.

– Сиз, азизларни, сизлар орқали кўп миллатли халқимизни шарқона янги йил – Наврўз байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Нуроний отахон ва онахонларимизга, ҳурматли ака-укалар, опа-сингилларимизга, навқирон ёшларимиз, азиз фарзандларимизга, чет эллардаги ватандошларимизга – бутун эл-юртимизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва энг эзгу тилакларимни билдираман.

Ҳаммамиз орзиқиб ва соғиниб кутган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганидек, юртимизда ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

Барчангиз хабардорсиз, ўтган йили пандемия туфайли Наврўз байрамини ҳар доимгидек катта байрам қилиб, кенг нишонлай олмаган эдик.

Ўшанда, бу ташвишли кунлар албатта ортда қолади, ҳали кўп тўй-томоша ва сайилларини халқимиз билан биргаликда ўтказамиз, деб ният қилган эдик.

Бугун ана шу орзу-ният ва интилишларимиз рўёбга чиқмоқда. Гўзал юртимизда яна шодиёналар, яна қувончли кунлар бошланмоқда.

Албатта, барчамиз яхши тушунамизки, коронавирус балоси ҳали тўла бартараф бўлгани йўқ. У биз билан бирга, бизнинг ёнимизда яшамоқда.

Халқимиз соғлиғини асраш йўлида қандай саъй-ҳаракатлар қилганимиз ҳаммангизга яхши аён. Чет эллардан шифокорлар опкелганимиз, катта-катта шифохоналар қурганимиз, карантинга қатъий амал қилганимиз ўз самараларини берди. Энди шунча меҳнатимиз зое кетмаслиги учун пандемияга қарши курашни бир лаҳза ҳам бўшаштирмаслигимиз керак.

Бунинг учун ўзимиз ва яқинларимизни ҳимоя қилишимиз, бепарволик ва беғамликка берилмасдан, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашимиз, билимимиз, орттирган тажрибамизга таяниб иш олиб боришимиз зарур.

Ўз вақтида кўрган чора-тадбирларимиз туфайли бугун ҳаётимиз табиий ўзанига қайтиб, меҳнаткаш, бунёдкор халқимиз эзгу мақсад ва режаларини янги куч, янги ғайрат билан давом эттирмоқда.

Мана шундай ёруғ кунларга соғ-омон етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир, – деди давлатимиз раҳбари.

ЎзА