Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни Тошкент вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик корхоналар фаолияти билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев шу куни Чиноз туманидаги Эшонобод маҳалласини бориб кўрди.

Бу ерда 3 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури доирасида уйлар, мактаблар, йўллар ва коммунал тармоқлар таъмирланиб, замонавий маданият саройи барпо этилди.

Файзобод кўчасида қад ростлаган маҳалла марказида “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосари ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатади.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, дам олиш шароитларини яхшилаш учун “Китобхонлар боғи”нинг барпо қилингани – маҳалла ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу хиёбон – мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини ўзида мужассам этган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда маҳалланинг турли миллатга мансуб вакиллари билан суҳбатлашди.

– Бугун келишимдан мақсад – Тошкент вилоятида ҳам замонга муносиб шароит яратиш. Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли бор. 150 минг нафари ишсиз. Шунинг учун ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлашимиз керак. Ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш зарур. Бу мақсадлар, йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган, – деди Президент.

Мулоқотда Чиноз туманидаги ўзгаришлар, имкониятлар ҳақида ҳам гапирилди.

– Ўзи Чиноз туманида ишсиз бўлиши керак эмас. Ери кенг, одамлари меҳнаткаш. Ҳар бир уйда, ҳар бир кўчада маданият бўлиши керак. Халқимиз айтганидек, олма пиш, оғзимга туш, деган билан натижа бўлмайди. Биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маҳаллада давлат хизматлари маркази шохобчаси, банк филиали, тиббиёт пункти, тикувчилик корхонаси ҳам ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари «Қўжакент текстил груп» корхонасидаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Бу ерда икки сменада 500 нафар хотин-қиз ишламоқда. Охирги бир ярим ойда 100 минг долларлик тайёр кийимлар экспорт қилинган. Корхонанинг ўзида тикиш-бичишни ўргатувчи 200 ўринли ўқув маркази ҳам очилган.

Мутасаддиларга тадбиркорларга кўмаклашиб, бино ва маблағлар ажратиб, бундай кичик корхоналарни кўпайтириш ва 3 минг нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.

“Маҳаллабай” тизими асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Энг аввало, одамларни ташвишлантираётган муайян масалалар аниқланди. Булар сув, йўллар, чироқ, бандлик масалаларидир. Мавҳум, узоқ муддатга мўлжалланган эмас, 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади.

Агар дастурлар тўлиқ амалга оширилса бир йилдан сўнг мавжуд муаммоларнинг каттагина қисми ҳал этилади, камбағалликни қисқартиришга эришилади.

Президентимиз шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТСТ Сluster” кластери томонидан бунёд этилган шолини қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди.

“ТСТ Rice” номли ушбу масъулияти чекланган жамиятда шоли етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжири яратилган. Ўтган йили 2,6 минг гектардан ортиқ ерда “Лазурний”, “Искандар”, “Мустақиллик”, “Нукус” навларидан мўл ҳосил етиштирилган.

Айтиш жоизки, илгари шоликорлар фаолияти тарқоқ бўлгани учун тузук даромад ололмасди. Айниқса, шолини қайта ишлашда кўплаб муаммоларга дуч келинарди.

2021 йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қароридан сўнг соҳада ўзгаришлар бошланди.

“ТСТ Rice” мажмуаси майдони ҳам илгари ташландиқ жой эди. 27 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳа туфайли ушбу 6 гектар ҳудудда замонавий мажмуа барпо этилди. У хирмон майдони, умумий сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омбор, шолини тозалаш ва қуритиш цехи ҳамда қайта ишлаш заводини ўз ичига олган.

Шолини тозалаш ва қуритиш цехи тўртта линия билан жиҳозланган. Уларнинг ҳар бири орқали бир сменада 120 тонна шолини қуритиш имкони бор. Бу ерда бошқа дуккакли маҳсулотларни тозалаш ва қуритиш ҳам мумкин.

Шолини қайта ишлаш заводи Туркиянинг “Yashar Makina” компанияси ускуналари билан жиҳозланган. Улар ёрдамида энг юқори навдаги гуруч маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Чунки “ақлли” ускуналар гуручни нафақат катта-кичиклиги, балки ранги бўйича ҳам саралайди.

Ҳозирги пайтда завод бир йилда 40 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Истиқболда режалаштирилган иккинчи босқич ҳам ишга туширилгач, корхона қуввати икки баробарга ортади.

Бу ерда замонавий лаборатория ҳам бор. Қабул қилинаётган шолининг намлиги, қуритиш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, гуруч маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари доимий назорат қилиб борилади.

“Даладан дастурхонгача” тамойили асосида иш юритаётган шоличилик кластерида жорий йилда ҳосилдорликни 60 центнердан ошириш, хорижга 100 минг АҚШ доллари миқдорида гуруч экспорт қилиш режалаштирилган.

“ТСТ Rice” корхонасида 365 нафар, умуман, кластерда 8 минг 750 нафар аҳоли ишламоқда.

– Мана, инсон ҳуқуқлари деймиз. Энг катта ҳуқуқлардан бири – иш билан таъминланиш. Бизнинг ҳамма ҳаракатларимиз шунга қаратилган. Одамларни ишли қилсак, аҳоли жон бошига даромадни кўпайтирсак, сотиб олиш қобилияти ошса, бошқа ҳамма ҳуқуқлар ўзи жой-жойига тушади. Шунинг учун Тошкент вилоятини ишсизлик минимал даражада бўлган ҳудудга айлантирмоқчимиз. Вилоятда бунинг учун ҳамма шароит бор, – деди Шавкат Мирзиёев.

Асосий эътибор экспортни кўпайтириш, янги бозорларни ўзлаштиришга қаратилмоқда. Хусусан, келгуси йили гуруч экспортини 500 минг АҚШ долларига етказиш мўлжалланган. Бундан ташқари, “ТСТ Сluster” кластерининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган тўрт босқичли лойиҳаси доирасида 114 миллион долларлик тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Шу ерда вилоятда қишлоқ хўжалиги ва тўқимачиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Тошкент вилоятига қилинган ташрифнинг биринчи кундаги сўнгги манзили Юқори Чирчиқ туманидаги “Евро Глобал Инвест” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Давлатимиз раҳбари мазкур МЧЖ фаолияти билан танишди.

Бугун юртимизда қурилиш кўлами кенг. Шу боис янгича дизайндаги темир-бетон материалларига талаб юқори.

Ўтган йили декабрда иш бошлаган “Евро Глобал Инвест” корхонаси йирик йиғма темир-бетон панеллари тайёрлашга ихтисослашган. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион евро. 7 гектарлик ишлаб чиқариш майдонига Италия, Германия ва Австриядан замонавий линиялар келтириб ўрнатилган.

Корхона маҳсулотлари жаҳон стандартларига мос. Мазкур қурилиш материаллари ишлатилган уйлар таннархи бошқаларга нисбатан 30 фоиз арзон бўлади. Маҳсулотлар рангли қилиб тайёрланиши ҳам мумкин.

Кластер усулидаги корхона йилига 500 минг куб метр бетон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 1 миллион тонна тош майдалаш, яна шунча асфальт тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда, шунингдек, ички ва ташқи эшиклар, дераза ромлари, мебеллар ҳам ясалмоқда.

Давлатимиз раҳбари материаллар ишлаб чиқариш ва қурилишнинг тўлиқ «занжири»ни ташкил этиб, уй-жойлар нархини янада арзонлаштириш, кўпроқ ёшларни ишга жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

– Шундай кластерларни бошқа ҳудудларда, Самарқанд ва водий вилоятларида ҳам кўпайтириш керак. Қурилишда энг муҳими нарх, сифат ва муддат. Шунинг учун рақобатбардош қурилиш материаллари тури кўп бўлса, нарх-наво арзонлашади. Бу корхонада малакали мутахассислар тайёрлаш учун марказ ташкил этиш керак, – деди Президент.

Корхонада айни пайтда 850 нафар ишчи меҳнат қилади. Йил якунигача иш ўринларини 1 минг 500 тага етказиш режалаштирилган.

Шу ерда 2021-2022 йилларда Тошкент вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

 

ЎзА фотомухбирлари

Аъло АБДУЛЛАЕВ,

Темур МАМАДАМИНОВ олган суратлар.