Президент Шавкат Мирзиёев 18 март куни Тошкент вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик корхоналар фаолияти билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Чиноз тумани сув хўжалигида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.

Маълумки, глобал иқлим ўзгариши туфайли сув ресурслари тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Сўнгги 50 йил давомида Марказий Осиёдаги музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. Қишлоқ хўжалиги экинлари асосан эгатлаб суғорилмоқда. Кўп ерлар лазерли ускуна билан текисланмаган. Коллектор-дренаж тармоқлари эскирган. Буларнинг оқибатида сув жуда кўп исроф бўлмоқда.

Лекин айни пайтда аҳоли сони ўсиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб ортмоқда.

Шу боис давлатимиз раҳбари сувни тежаш, унинг аниқ ҳисобини юритиш ва самарали фойдаланиш зарурлигини доим таъкидлаб келади. 2020 йил 10 июлдаги Президент фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида шу борадаги барча масалалар ўз ифодасини топган. Ушбу концепцияга мувофиқ, жорий йил 24 февралда сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг уч йиллик стратегияси қабул қилинди. Унда сув тежовчи технологияларни жорий қилишни кенгайтириш ва давлат томонидан рағбатлантириб бориш, бу соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Чиноз тумани Янгиобод қишлоғидаги экин майдони айнан шундай ишлар натижаси. Бу жойда 1 миллион 350 минг доллар инвестиция эвазига 850 гектар ер қайта ўзлаштирилган. Жами 202 минг куб метр сиғимга эга 3 та сув ҳавзаси барпо этилиб, экинларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилган.

Янги қўриқ ернинг 702 гектарига қўшқатор усулда, плёнка остида “Андижон-72” навли пахта экилади. Бунинг учун замонавий сеялкалар олиб келинган. Улар чигит экиш билан бир вақтда томчилатиб суғориш шлангларини ўрнатиб, плёнка билан ёпиб кетади.

148 гектарда экспортбоп полиз маҳсулотлари етиштирилади. Жумладан, унинг бир қисми ишсиз ёшларга бўлиб берилади.

– Экишдан олдин сотишни ўйлаш керак. Ерни тадбиркорга бериш зарур. Чунки у бозорни билади, рақобатни билади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайта фойдаланишга киритилган бу ерларда 220 киши доимий, 1 минг 200 дан зиёд аҳоли мавсумий иш билан таъминланади.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Чиноз туманидаги Эшонобод маҳалласини бориб кўрди.

Бу ерда 3 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида “Обод қишлоқ” дастури доирасида уйлар, мактаблар, йўллар ва коммунал тармоқлар таъмирланиб, замонавий маданият саройи барпо этилди.

Файзобод кўчасида қад ростлаган маҳалла марказида “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Маҳалла раиси – ислоҳотчи” тамойиллари асосида фуқаролар билан ишлаш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизимни самарали жорий этиш учун барча имконият яратилган. Бинода маҳалла фуқаролар йиғини раиси, унинг ўринбосари ва турли йўналишлар бўйича маслаҳатчилари, профилактика инспектори ўзаро уйғун ва самарали фаолият кўрсатади.

Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, дам олиш шароитларини яхшилаш учун “Китобхонлар боғи”нинг барпо қилингани – маҳалла ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу хиёбон – мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини ўзида мужассам этган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда маҳалланинг турли миллатга мансуб вакиллари билан суҳбатлашди.

– Бугун келишимдан мақсад – Тошкент вилоятида ҳам замонга муносиб шароит яратиш. Вилоятда салкам 3 миллион аҳоли бор. 150 минг нафари ишсиз. Шунинг учун ҳар бир маҳалладаги «ўсиш нуқталари»ни топиб, шунга жавобгарларни белгилаб, керакли маблағларни бериб, одамларни иш билан таъминлашимиз керак. Ичимлик суви, электр энергияси, йўл, таълим ва бошқа шароитларни яхшилаш зарур. Бу мақсадлар, йирик ва ўрта лойиҳалар учун вилоятга 119 триллион сўм йўналтирилади. Ҳали ҳеч бир вилоятда бундай марра олинмаган, – деди Президент.

Мулоқотда Чиноз туманидаги ўзгаришлар, имкониятлар ҳақида ҳам гапирилди.

– Ўзи Чиноз туманида ишсиз бўлиши керак эмас. Ери кенг, одамлари меҳнаткаш. Ҳар бир уйда, ҳар бир кўчада маданият бўлиши керак. Халқимиз айтганидек, олма пиш, оғзимга туш, деган билан натижа бўлмайди. Биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур. Ўзгаришларни истасак, ҳаммамиз онгли равишда ўзгаришимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маҳаллада давлат хизматлари маркази шохобчаси, банк филиали, тиббиёт пункти, тикувчилик корхонаси ҳам ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари «Қўжакент текстил груп» корхонасидаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Бу ерда икки сменада 500 нафар хотин-қиз ишламоқда. Охирги бир ярим ойда 100 минг долларлик тайёр кийимлар экспорт қилинган. Корхонанинг ўзида тикиш-бичишни ўргатувчи 200 ўринли ўқув маркази ҳам очилган.

Мутасаддиларга тадбиркорларга кўмаклашиб, бино ва маблағлар ажратиб, бундай кичик корхоналарни кўпайтириш ва 3 минг нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш бўйича кўрсатма берилди.

“Маҳаллабай” тизими асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Энг аввало, одамларни ташвишлантираётган муайян масалалар аниқланди. Булар сув, йўллар, чироқ, бандлик масалаларидир. Мавҳум, узоқ муддатга мўлжалланган эмас, 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади.

Агар дастурлар тўлиқ амалга оширилса бир йилдан сўнг мавжуд муаммоларнинг каттагина қисми ҳал этилади, камбағалликни қисқартиришга эришилади.

Президентимиз шу ерда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТСТ Сluster” кластери томонидан бунёд этилган шолини қайта ишлаш заводи фаолияти билан танишди.

“ТСТ Rice” номли ушбу масъулияти чекланган жамиятда шоли етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ саноат занжири яратилган. Ўтган йили 2,6 минг гектардан ортиқ ерда “Лазурний”, “Искандар”, “Мустақиллик”, “Нукус” навларидан мўл ҳосил етиштирилган.

Айтиш жоизки, илгари шоликорлар фаолияти тарқоқ бўлгани учун тузук даромад ололмасди. Айниқса, шолини қайта ишлашда кўплаб муаммоларга дуч келинарди.

2021 йил 2 февралдаги “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қароридан сўнг соҳада ўзгаришлар бошланди.

“ТСТ Rice” мажмуаси майдони ҳам илгари ташландиқ жой эди. 27 миллиард сўмликдан зиёд лойиҳа туфайли ушбу 6 гектар ҳудудда замонавий мажмуа барпо этилди. У хирмон майдони, умумий сиғими 15 минг тонналик 2 та ёпиқ омбор, шолини тозалаш ва қуритиш цехи ҳамда қайта ишлаш заводини ўз ичига олган.

Шолини тозалаш ва қуритиш цехи тўртта линия билан жиҳозланган. Уларнинг ҳар бири орқали бир сменада 120 тонна шолини қуритиш имкони бор. Бу ерда бошқа дуккакли маҳсулотларни тозалаш ва қуритиш ҳам мумкин.

Шолини қайта ишлаш заводи Туркиянинг “Yashar Makina” компанияси ускуналари билан жиҳозланган. Улар ёрдамида энг юқори навдаги гуруч маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Чунки “ақлли” ускуналар гуручни нафақат катта-кичиклиги, балки ранги бўйича ҳам саралайди.

Ҳозирги пайтда завод бир йилда 40 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватига эга. Истиқболда режалаштирилган иккинчи босқич ҳам ишга туширилгач, корхона қуввати икки баробарга ортади.

Бу ерда замонавий лаборатория ҳам бор. Қабул қилинаётган шолининг намлиги, қуритиш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, гуруч маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари доимий назорат қилиб борилади.

“Даладан дастурхонгача” тамойили асосида иш юритаётган шоличилик кластерида жорий йилда ҳосилдорликни 60 центнердан ошириш, хорижга 100 минг АҚШ доллари миқдорида гуруч экспорт қилиш режалаштирилган.

“ТСТ Rice” корхонасида 365 нафар, умуман, кластерда 8 минг 750 нафар аҳоли ишламоқда.

– Мана, инсон ҳуқуқлари деймиз. Энг катта ҳуқуқлардан бири – иш билан таъминланиш. Бизнинг ҳамма ҳаракатларимиз шунга қаратилган. Одамларни ишли қилсак, аҳоли жон бошига даромадни кўпайтирсак, сотиб олиш қобилияти ошса, бошқа ҳамма ҳуқуқлар ўзи жой-жойига тушади. Шунинг учун Тошкент вилоятини ишсизлик минимал даражада бўлган ҳудудга айлантирмоқчимиз. Вилоятда бунинг учун ҳамма шароит бор, – деди Шавкат Мирзиёев.

Асосий эътибор экспортни кўпайтириш, янги бозорларни ўзлаштиришга қаратилмоқда. Хусусан, келгуси йили гуруч экспортини 500 минг АҚШ долларига етказиш мўлжалланган. Бундан ташқари, “ТСТ Сluster” кластерининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган тўрт босқичли лойиҳаси доирасида 114 миллион долларлик тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Шу ерда вилоятда қишлоқ хўжалиги ва тўқимачиликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Қайд этилишича, 2021-2022 йилларда қишлоқ хўжалиги йўналишида мева-сабзавот, доривор ўсимликларни қайта ишлаш, музлаткич, агрологистика маркази, чорвачилик мажмуаси, иссиқхоналар барпо этиш, узумзор ва боғ яратиш каби лойиҳалар амалга оширилади.

Ушбу мақсадлар учун 218,4 миллион доллар, шу жумладан, қарийб 95 миллион доллар хорижий инвестиция йўналтирилиб, 7 минг 800 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Жумладан, жорий йил якунига қадар 40 минг гектар узумзор, 60 минг гектар боғ ташкил этилади.

Оҳангарон ва Паркент туманларида “Textile technologies group” масъулияти чекланган жамияти томонидан агросаноат кластери ташкил этилади. Қиймати 60,3 миллион доллардан иборат мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи 2021-2022 йилларда амалга оширилиб, 40 минг гектар яйлов ва лалми ер майдони ўзлаштирилади.

Лойиҳанинг 2022-2023 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичида эса 5 минг бош наслли қорамол, 50 минг қўй ва эчки боқиш йўлга қўйилиб, чорвачилик комплекси, сутни қайта ишлаш корхонаси, ёғ экстракцияси заводи, дон ва омихта емни қайта ишлаш корхонаси барпо этилади.

Чирчиқ – Тошкент вилоятининг энг йирик бешта шаҳридан бири. Пойтахтга яқинлиги, ишлаб чиқариш корхоналари кўплиги аҳоли сони ва уй-жойга бўлган талаб ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Шаҳарнинг Шодлик маҳалласида қурилган 4 та 16 қаватли уй аҳолининг ўсиб бораётган талабини таъминлашга қаратилган. Уларда жами 288 хонадон бўлади. Тўрталаси ҳам шу йил фойдаланишга топширилади.

Ушбу уйлар қисқа муддатда қуриб битказилади. Зилзилабардошлиги юқори, замонавий Hi-Tech усулида бунёд этилган. Йўлаклари кенг, ҳар бир йўлакка иккитадан лифт ўрнатилган. Чунки, бу уйларда хонадонлар сони кўп.

Уйларнинг шифти баланд, газ қувурлари фасад қисмидан ўтган. Бу ёнғин хавфсизлиги жиҳатидан ҳам ишончли. Ҳар бир квартира ёнғин ўчириш тизими ва газ анализаторлари билан таъминланган. Агар газ ҳиди чиқса, хонадонга келаётган табиий газ оқими автоматик тарзда ўчирилади.

Бу – Тошкент вилоятида қурилган дастлабки 16 қаватли уйлар бўлиб, Чирчиқ шаҳрига янги қиёфа бахш этган.

17 та хонадон ногиронлиги бор ҳамда уй-жойга муҳтож аёлларга, 15 таси ўз соҳасида алоҳида ўрнак кўрсатаётган ёш оилаларга ажратилган.

Президент Шавкат Мирзиёев қурилишнинг бориши билан танишди.

Шу ерда Чирчиқ шаҳрини ривожлантириш бўйича бош режа муҳокама қилинди. Янги турар жойлар қуриш, эски уйларни реновация қилиш, бўш турган бинолардан самарали фойдаланиб, Тошкент шаҳридаги айрим ишлаб чиқариш корхоналарини шу ерга кўчириш ҳамда янги лойиҳаларни жойлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Чирчиқни инновацион, инвестицион шаҳар қилиш мумкин. Шунинг учун ҳамма биноларни инвентаризациядан ўтказиш керак. Бу ерда ҳамма инфратузилма бор. Автомобиль ва темир йўлларнинг ўтказувчанлигини ошириш, жамоат транспортини ривожлантириш керак. Қулайлик яратилса, аҳоли ҳам, ишбилармонлар ҳам келади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент Чирчиқ шаҳар иссиқлик таъминот корхонасини ҳам бориб кўрди.

Чирчиқ шаҳрида жами 911 та кўп қаватли уйга 14 та қозонхона хизмат кўрсатади. Шулардан бири 1957 йилда қурилган. Бу қозонхона очиқ тизимда ишлайди. Яъни, шаҳар ичимлик суви тармоғидан сув олиб, уни иситиб, хонадонларга тарқатади. Бу ортиқча сув ва газ ёқилғиси сарфини юзага келтираётган эди.

Шу боис бу ерда Туркия технологияси асосида янги қозонхона барпо этилмоқда. Ушбу ускуналар автоматлаштирилган тизимда, ёпиқ усулда ишлайди. Бу дегани, сув кимёвий тозаланиб, иситилиб, сўнг кўп қаватли уйларга юборилади. Ушбу усулда сув марказлашган тармоқдан эмас, сизот сувлардан олиниб, ёпиқ тизимда ишлатилади.

Лойиҳанинг қиймати 16 миллион доллардан зиёд бўлиб, Жаҳон банки кредити асосида молиялаштирилади.

Янги қозонхонанинг қуввати 75 мегаватт бўлади. Қурилиш ишлари уч босқичда амалга оширилади. Модернизация натижасида шаҳарда 24 километр иссиқлик қувури тортилиб, 175 та кўп қаватли уй, 19 та ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик тизими билан сифатли таъминланади. 12 миллион метр куб табиий газ, 3,4 миллион киловатт электр энергияси, 300 минг куб сув тежалади. Атмосферага чиқаётган 4,7 минг тонна газ ушлаб қолинади.

Бу мамлакатимизда татбиқ этилаётган дастлабки пилот лойиҳа бўлиб, Чирчиқ, Андижон, Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ва Тошкентнинг Сергели туманида жорий этилиши кўзда тутилган.

Шу ернинг ўзида вилоятда электр энергияси, иссиқлик, ичимлик суви таъминоти ҳамда шаҳарларда коммунал хизматларни яхшилаш бўйича режалар тақдимоти ўтказилди.

Тошкент вилоятида энг кўп юқори қаватли уйлар Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларида жойлашган. Чирчиқдаги кўп қаватли уйларнинг 352 тасида иссиқлик таъминоти мавжуд, қолганларида бошқа турдаги мосламалар ўрнатилган ёки умуман иссиқлик таъминоти етиб бормаган. Бу аҳоли турмуши ёмонлашувига олиб келаётган эди.

Тақдимот чоғида шу ҳақда маълумот берилди. Шаҳардаги 90 километр иссиқлик тармоқларининг 49 километри таъмирталаб экани айтилди.

44 та қозонхонадан 15 таси эскирган. Жорий йилда уларни мукаммал таъмирлаш, 4 та локал қозонхонани, 28 километр иссиқлик тармоқларини алмаштириш, уйларнинг иситиш тизимларини ўзгартириш кўзда тутилган. Булар бўйича тақдимот қилиниб, молиялаштиришни ҳал этиш ва куз-қиш мавсумигача ишларни якунлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Тошкент вилоятининг 7 та шаҳри ва туман марказларидаги 4 минг 948 та кўп қаватли уйга иссиқлик етказиб бериш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирги кунда бу уйларнинг 48 фоизи иссиқлик манбаига уланган. 343 километр иссиқлик тармоқлари таъмирталаб. 133 та қозонхонадан 69 тасини янгилаш зарур.

Президент одамлар бу йил қишдаги каби совуқда қийналмаслиги учун қозонхоналарни босқичма-босқич янги тизимга ўтказиш юзасидан топшириқлар берди.

Вилоятдаги ичимлик сув тармоқларини янгилаш бўйича ҳам вазифалар белгиланган. Шу мақсадда 1 минг 57 та маҳалла ўрганилганда, 145 тасида марказлашган ичимлик суви йўқлиги маълум бўлди.

Жорий йилда вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 450 мингдан зиёд аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўрилади. Натижада ичимлик суви билан таъминлашни ҳозирги 68 фоиздан 80 фоизга етказиш режалаштирилган.

Президент Чирчиқ шаҳрига ташрифи чоғида Ифтихор маҳалласига кириб кўрди. Кўп қаватли уйларда яшаётган одамлар билан суҳбатлашди.

Давлат раҳбарининг маҳаллаларни айлангани бу гал ҳам аҳолининг кўнглини кўтарди. Одамлар очиқ юз билан Президентга пешвоз чиқди. Кимдир саломлашишга, кимдир ўз муаммосини айтишга ошиқди.

– Чирчиқ бир пайтлар донғи кетган шаҳар эди. Охирги вақтларда анча «чарчаб» қолганди. Бу деганим, трубалари эскирган, иссиқлик тизими “чарчаган”, сув тақчил, кўчаларни ёритиш йўқ. Тегирмон навбати билан дегандек, энди бу ерда ҳам барча шароитларни яратамиз. Саноатни кўтариш, иш жойлари очиш, йўлни, иссиқлик таъминотини яхшилаш бўйича катта ишларни бошлаяпмиз, – деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги муаммоларни, аҳолининг талаб ва истакларини сўради. Ифтихор маҳалласидаги учрашувда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган йигитга ер ажратиш бўйича шаҳар ҳокимига кўрсатма берди. Президентни кўришни орзу қилиб, давлат раҳбари олдига чиққан болакайни бағрига босиб суратга тушди.

Президентимиз “Лола” маҳалласида ҳам бўлди. Давлатимиз раҳбари маҳалла раиси, нуронийлар ҳамроҳлигида 35-уйдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага кириб, ҳол-аҳвол сўради.

“Лола” маҳалла фуқаролар йиғинида қарийб 3 минг нафар турли миллат вакиллари яшайди. Маҳалла аҳли ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатади.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га кирганларни иш билан таъминлашга ҳудуддаги 6 та тадбиркорлик субъекти ҳам ҳисса қўшаяпти. Жорий йилда бу ерда яна 2 та лойиҳа амалга оширилади.

Маҳалла раиси Муборак Абдураҳимова Президентга ҳудудда икки ярим йилдан буён жиноятчилик қайд этилмаганини айтди.

Президент йўл-йўлакай меҳнат фахрийлари билан ҳам самимий суҳбатлашди. Улар мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, Чирчиқ шаҳридаги ўзгаришлардан мамнун эканини айтиб, дуолар қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Юқори Чирчиқ туманидаги “Евро Глобал Инвест” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Бугун юртимизда қурилиш кўлами кенг. Шу боис янгича дизайндаги темир-бетон материалларига талаб юқори.

Ўтган йили декабрда иш бошлаган “Евро Глобал Инвест” корхонаси йирик йиғма темир-бетон панеллари тайёрлашга ихтисослашган. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион евро. 7 гектарлик ишлаб чиқариш майдонига Италия, Германия ва Австриядан замонавий линиялар келтириб ўрнатилган.

Корхона маҳсулотлари жаҳон стандартларига мос. Мазкур қурилиш материаллари ишлатилган уйлар таннархи бошқаларга нисбатан 30 фоиз арзон бўлади. Маҳсулотлар рангли қилиб тайёрланиши ҳам мумкин.

Кластер усулидаги корхона йилига 500 минг куб метр бетон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 1 миллион тонна тош майдалаш, яна шунча асфальт тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда, шунингдек, ички ва ташқи эшиклар, дераза ромлари, мебеллар ҳам ясалмоқда.

Давлатимиз раҳбари материаллар ишлаб чиқариш ва қурилишнинг тўлиқ «занжири»ни ташкил этиб, уй-жойлар нархини янада арзонлаштириш, кўпроқ ёшларни ишга жалб этиш зарурлигини таъкидлади.

– Шундай кластерларни бошқа ҳудудларда, Самарқанд ва водий вилоятларида ҳам кўпайтириш керак. Қурилишда энг муҳими нарх, сифат ва муддат. Шунинг учун рақобатбардош қурилиш материаллари тури кўп бўлса, нарх-наво арзонлашади. Бу корхонада малакали мутахассислар тайёрлаш учун марказ ташкил этиш керак, – деди Президент.

Корхонада айни пайтда 850 нафар ишчи меҳнат қилади. Йил якунигача иш ўринларини 1 минг 500 тага етказиш режалаштирилган.

Шу ерда 2021-2022 йилларда Тошкент вилоятида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди.

ЎзА