Ўтган йили Қозоғистонда 1,4 миллион киши иш ўринлари билан таъминланди.

700 минг тадбиркор солиқ тўлашда енгилликларга эга бўлди, деб хабар қилди «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги.

Аҳолига кредитлар бериш 10,5 фоизга ортган. Мамлакат бўйича 15 миллион квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилган.

«2020 йилда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилган чора-тадбирлар бандлик ва бизнес фаолликни сақлаб қолиш имконини берди. Иш ўринларини сақлаш ва янгиларини яратиш учун йўл харитаси амалга оширилмоқда. Пандемия шароитида зарар кўрган соҳаларни солиқ бўйича рағбатлантириш чоралари кўрилди. Кичик ва ўрта тадбиркорликни имтиёзли кредитлаш воситалари кенгайтирилди, айланма капитални молиялаштириш кўпайтирилди. Имтиёзли шартларда берилган кредитлар қайта молиялаштирилди ҳамда кредитларни қайтариш муддати узайтирилди», – деди Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири Руслан Даленов ҳукумат мажлисида.

Унинг таъкидлашича, бюджет ва давлат бошқарувининг шароитга мослашувчанлиги таъминланди, бюджетдан рағбатлантириш кенгайтирилди.

«Натижада, 1,4 миллион кишининг бандлиги таъминланди. Улардан 238 минг киши бандлик бўйича Йўл харитаси доирасида иш билан таъминланган. Пандемиядан зарар кўрган соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг 80 фоизини кредит тўлаш муддати узайтирилди. Тадбиркорларнинг 40 мингдан ортиқ лойиҳаси арзонлаштирилган ставкалар бўйича молиялаштирилди», – деди вазир.