Куни кеча Форс курфази мамлакатлари Қатар билан ярашганини маълум қилди.
Ўтган сешанба куни Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбида Эль-Улаа вилоятида Форс курфази араб давлатлари раҳбарларининг 41 саммити бўлиб ўтди. Унда иштирокчи мамлакатлар раҳбарлари учрашув якунида Қатар атрофидаги можарога якун ясаш бўйича якдил фикрга келгани ҳақда коммюникени имзоладилар. Ҳужжатни имзолаш маросими Саудия Арабистонининг «Аль-Ихбария» телеканали номойиш қилиб борди.
Учрашувда Қатар, Қувайт, Саудия Арабистони подшоҳлиги, Бахрай, Бирлашган Араб амирликлари ҳамда Умон давлати иштирок этган.
Шунга қарамай, якуний баёнотнинг аниқ мазмуни ҳали ошкор этилмади.
Коронавирус пандемиясига қарамай Араб манархлари онлайн форматда эмас, балки юзма-юз учрашишга қарор қилишди. Аслида учрашув 2020 йилнинг охирида бўлиши лозим эди, бироқ ушбу муддат Қатар ва унинг қўшнилари ўртасида узоқ кутилган ярашув режалаштирилгани учун бироз кейинга сурилди.
Саммитда АҚШ президенти Дональд Трампнинг катта маслаҳатчиси Жаред Кушнер ҳам ҳозир бўлган. Унинг саъй-ҳаракатлари Қатар билан минтақанинг бошқа давлатлари ўртасидаги ярашув жараёнини тезлатгани айтилмоқда. Шунингдек, саммитда бундан уч ярим йил аввал Доха билан муносабатларни узган араб давлатларидан бирининг вакили сифатида Миср ташқи ишлари вазири Самех аш-Шукри ҳам иштирок этди.
Қатар амири Тамим бин Хамад Аль Тони 2017 йилдан буён минтақа учрашувларида иштирок этмай келади. Чунки 2017 йил ёзда Саудия Арабистони, БАА, Бахрайн ва Миср Дохани терроризмни қўллаб-қувватлашда ҳамда мазкур давлатларнинг ички ишларига аралашишда айблаб, Қатар билан дипломатия муносабатларини узган эди. Ушбу давлатлар Қатар билан иқтисодий ҳамкорликни тўхтатиб мамлакатга транспорт қамалини жорий қилган эди.
Ярашув шарафига Саудия Арабистони Қатар қамали бекор қилингани ҳақда эълон қилди. Энди икки мамлакат ўртасидаги қуриқликдаги чегаралар очилади, ҳаво кенгликлари ва денгиз йўлларида ҳам чекловлар олиб ташланади.
ЎзА