Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан миллий маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу жумладан, Россия Федерациясининг “Россельхознадзор” федераль хизмати билан доимий дўстона муносабатлар асосида мувофиқлаштирилган қўшма тадбирлар амалга оширилмоқда.

Олиб борилган ҳамкорликдаги ишлар натижасида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқилган чорвачилик маҳсулотлари, хусусан, термик ишловдан ўтган тайёр гўшт ва сут маҳсулотлари ҳамда хом ашёлари экспорти учун йўл очилди.

“Россельхознадзор” федераль хизмати томонидан қўйилган вақтинчалик чеклов Халқаро эпизоотик Бюронинг қуруқликдаги ҳайвонлар соғлиғи кодекси талаблари асосида термик ишловдан ўтган тайёр маҳсулотлар учун бекор қилинди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикасида тайёр гўшт ва сут махсулотларни ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотларини Россия бозорида сотишларига имкон яратилди.

Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатларга экспорт қилувчи корхоналарни ягона реестрига кириши зарур бўлади. Реестрга киритишдан олдин аъзо давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқарувчи корхоналарда белгиланган тартибда ветеринария аудит ва инспекция ўрганишлари ўтказилиши зарур бўлади.

Дастлабки босқичда, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ўз маҳсулотларини экспорт қилиш истагини билдирган гўшт ва сут маҳсулотлари, балиқ ва парранда маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 9 нафар корхоналарда маҳсулотларни Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларга экспорт қилишни амалга ошириш мақсадида ваколатли органлар томонидан ветеринария аудит ва инспекция ўрганишларининг ўтказилиши ташкил этилди.

Шу билан бир қаторда, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Россельхознадзор” федераль хизмати ўртасида Ўзбекистондан экспорт қилинадиган чорвачилик маҳсулотлари ва корхоналар рўйхатини янада кенгайтириш борасида ўзаро ҳамкорликдаги ишлар давом этмоқда.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш 

давлат қўмитаси