Ўзбекистон Республикасининг 40 дан зиёд хорижий давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат делегация Қорақалпоғистон Республикасига келди.

Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида қабул маросими ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов элчилар ҳамда дипломатик корпус вакилларини Оролбўйига ташрифи билан қутлаб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолининг ободон турмуши билан боғлиқ устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Бунда  давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга кучли туртки бериш, муаммоларни тезкор ҳал этиш учун уларга вазирлар ва банклар бириктирилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда  мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчиларининг ёрдами беқиёс.

Учрашувдан сўнг делегация аъзолари “Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициявий ва экспорт имкониятлари” мавзусидаги кўргазма ҳамда «Самсунг Нукус» корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди. Меҳмонлар Нукус шаҳри ва туман ҳокимлари, шунингдек, тадбиркорлар билан мулоқот қилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида таъкидланган қарори ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқилган Дастур бўйича умумий қиймати 12 триллион сўмдан ортиқ жами 1359 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шунинг ҳисобидан 17,5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди маблағлари ҳисобидан 2019-2020 йилларда амалга оширилган лойиҳалар бўйича маълумот берилди.

– Ташрифдан кўзланган мақсад, шаҳар ва туманларнинг инвестиция имкониятлари ва экспорт салоҳияти билан танишиш, келгусидаги ҳамкорлик бўйича режалар белгилашдан иборат, – дейди Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Бабаев. – Польшада мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга, шу жумладан трикотаж маҳсулотларига бўлган талаб юқори. Келгусида ушбу мамлакат инвесторлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу орқали ҳудуднинг экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида ишлар амалга оширилади.

Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги Фавқулодда ва мухтор элчилари, дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат делегациянинг ташрифи 25 декабргача давом этади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА