«Адолат» социал-демократик партиясидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Ибрагимова Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида аҳоли билан сайёр қабул ўтказди.

Қабул давомида фуқароларнинг ижтимоий ёрдам, электр таъминоти, газ, ички йўллар каби масалалар бўйича мурожаатлари тингланди. Уларнинг кўпчилиги жойида ҳал этилди. Муддат талаб этилувчи муаммоларнинг бартараф этилиши юзасидан туманнинг тегишли мутасадди ташкилот ва идораларига топшириқлар берилди. Мурожаатларнинг ижросини назоратга олиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Куннинг иккинчи ярмида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати туман тиббиёт бирлашмасида бўлиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан яқиндан танишди. Тиббиёт ходимлари билан бўлган учрашувда кейинги йилларда мамлакатимизда тиббиёт соҳасини тубдан яхшилаш бўйича давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар, бу борада қабул қилинган қатор қарор ва фармонларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда тиббиёт ходимлари томонидан таклиф ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.

Депутат тумандаги 61-умумтаълим мактабида, “Қаватқалъа”, Навоий, “Янгиер” маҳалла, “Элликқалъа”, “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғинларида бўлди. Ҳудудлардаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ва ногиронлиги бор шахслар ҳолидан хабар олиниб, уларга маънавий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, Навоий маҳалла фуқаролар йиғинидаги ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялаётган М.Атажанованинг оиласига газ плитаси совға қилинди. Бундан ташқари, “Элликқалъа” ҳамда “Ақчакўл” овул фуқаролар йиғинларида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

 Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА