Қирғизистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ахборот ва туризм кинематография департаменти ва МДҲ мамлакатлари ёшлар кинофоруми дирекцияси томонидан 21-25 декабрь кунлари VIII халқаро “Умут” (“Надежда”) кинофоруми ўтказилади.

“Ўзбекккино” Миллий агентлигининг маълумотларига кўра, мазкур форумда ёш кинорежиссёрлардан Шокир Холиқов “Дунё. Вирус. Инсон. Табиат” ҳужжатли фильми ҳамда Ботир Абдураҳмонов “Меҳрибоним” қисқа метражли фильми билан иштирок этишади.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур кинофорумнинг мақсади халқаро алоқаларни яхшилаш, ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва МДҲ мамлакатлари киномактабларининг истеъдодли ўқувчиларини аниқлашдан иборат.

“Умут” кинофоруми доирасида тўлиқ ва қисқа метражли фильмлар намойиши, киноижодкорлар томонидан маҳорат дарслари, ижодий учрашувлар, дебют фильмлар намойишлари ва давра суҳбатлари ўтказилади.

ЎзА