Яқиндагина қад ростлаган ва қайта такомиллаштирилган “Нукус” дала-ўқув майдони бугун ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллик даражасини юксалтирадиган ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бера оладиган марказга айланди. Артиллериячиларнинг навбатдаги амалий машғулоти дала-ўқув майдонининг имкониятларини яна бир бор намойиш этди.

Позицияларни жиҳозлаш, нишонларгача бўлган масофани аниқлаш ва шартли душманни яксон қилиш – бу каби вазифаларни сифатли бажариш учун артиллерия батареясига иқлимнинг инжиқликлари ҳам тўсқинлик қила олмади. Режадаги тактик ўқув машғулотига жалб этилаётган артиллерия батареясининг куч-қудратини намойиш этиш, командирлар ва шахсий таркибнинг самарали фаолиятини кўрсатишга ёрдам берди.

Қисқа вақт ичида ҳудудга етиб келган батарея асосий ўқ отиш позицияларини эгаллади. Батарея командири эса нишонларгача бўлган масофани аниқлаш ва оптик кузатиш маосламаларига аниқликлар киритишни бошлади. Тўп ва бўлинмаларни жойлаштиришда ўқ отишни бошқариш ва умумқўшин бўлинмалари билан ўзаро жанговар ҳамкорликни таъминлаб туриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тактик ўқувнинг шартига кўра, артиллерия батареяси ёпиқ ўт очиш позициясидан 7 километргача бўлган масофадаги нишонларга қарата ўқ узди. Ушбу ўқувда жами 7 та ўт очиш машқлари кўриб чиқилган.

Ўқув давомида умумқўшин бўлинмалари билан “душман”ни кундузи ва тунда ҳам қўршаб олиш ва йўқ қилиш бўйича ўқув-жанговар вазифалар бажарилди. Тунги вақтда артиллерия батареяси томонидан қўлланилган ёритувчи снарядлар воситасида нишонлар жойлашган ҳудуд ёритилиб, шартли душманнинг зирҳли техникаси ва шахсий таркибига талафот етказилди.

Машғулот давомида қўйилган барча топшириқлар бажарилиб, нишонлар яксон этилди. Демакки, батарея бу ўқувда ҳам муваффақият қозонди.

Юқори қўмондонлик томонидан ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлиги ва ҳар вақт юрт ҳимоясига тайёр турган артиллерия қуролларининг жанговар шайлиги юқори баҳоланди.

Майор Темур Нарзиев,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ 
матбуот хизмати бошлиғи