Нукус шаҳрида корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ёш ходимлари ўртасида мини футбол бўйича “Ёшлар кубоги” мусобақаси ўтказилди.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада туманлар ва Нукус шаҳридан жами 17 жамоа ўзаро беллашди.
Қизғин ўйинларга бой ўтган мусобақа ёшларнинг яхши тайёргарлик ва маҳоратга эга эканлигини намоён этди.
Якуний натижаларга кўра, Қўнғирот тумани жамоаси мусобақа ғолиби бўлди. Тўрткўл тумани жамоаси иккинчи, қанликўллик спортчилар учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА