Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда жорий йил пандемияга қарамай амалга оширилган ишлар ҳамда бу борада Сенатнинг ўрни тўғрисида сўз юритди.
– Якунланаётган йил синовларга бой бўлди, – деди парламент юқори палатаси Раиси Т.Норбоева. – Пандемия қанчалик қийинчилик ва ноқулайликлар тўғдирмасин, мамлакатимизда ислоҳотлар изчиллик билан давом этмоқда. Шу жумладан, Сенат ҳам ўз ишини сусайтираётгани йўқ. Хусусан, Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлар ҳамда давлатимиз раҳбарининг йил бошида янги сайланган парламент аъзолари билан учрашувда, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, қонунчилик йўналишида йил бошидан буён 60 га яқин қонунлар кўриб чиқилди.
Аҳамиятлиси, қуйи палата томонидан киритилган қонунлар шунчаки маъқулланмасдан, уларнинг ҳудудлар манфаатларига қай даражада мослиги нуқтаи назаридан танқидий-таҳлилий кўриб чиқилмоқда. Сенатга келиб тушган қонун ҳудудлардаги маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилинмоқда, етук олимлар, экспертлар, тажрибали амалиётчилар ва жамоатчилик вакилларининг фикрлари ҳам инобатга олинмоқда. Айни шундай ёндашув асосида жорий йил 6 та қонуннинг рад этилгани ҳам аввал ишимизда деярли кузатилмаган ҳолат эканлигини алоҳида қайд этиш лозим.
Қолаверса, янги амалиёт йўлга қўйилиб, бугунги кунга қадар 30 га яқин қонунлар тизимли таҳлил қилиниб, қонун ости ҳужжатлари билан ўзаро номувофиқликларни бартараф этиш, эски ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган нормаларни янгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлиси давом этмоқда.