Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида 2020 йил мобайнида парламент юқори палатаси томонидан амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди.
– Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш йўналишида 13 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, 40 дан зиёд фармон ва қарорлар қабул қилиниб, маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари кенгайтирилди, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. – Илгари депутатлар ҳар 4-5 ойда, асосан ташкилий масалалар юзасидан ўтказиладиган сессияларга номига, расмиятчилик учунгина келиб-кетган бўлса, эндиликда ҳудуддаги долзарб муаммоларни кўтариб чиқмоқда. Хусусан, ҳокимларнинг амалдаги қонунчиликка зид бўлган 50 га яқин қарори бекор қилинган. Мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўриш бўйича мутасадди идораларга мингга яқин таклиф киритилган, шу жумладан, 32 нафар мансабдор шахсни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш масаласи қўйилган.
Ўз навбатида, Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатидаги ролини янада кучайтириш мақсадида Сенатга маҳаллий Кенгашларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлган қарорларини бекор қилиш ваколати берилмоқда. Бундан ташқари, яқинда қонунчиликка киритилган қўшимчалар орқали барча даражадаги маҳаллий Кенгашларда алоҳида котибиятлар ташкил этилди. Ишонамизки, янги ташкил этилган котибиятлар бу борада маҳаллий Кенгашларнинг том маънодаги ҳақиқий ишчи органига айланади ва келгусида улар фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Яна бир жиҳат. Фуқароларнинг мурожаатлари билан бир қаторда, ОАВ, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда, қолаверса, журналистлар, блогерлар, фуқаролар, умуман олганда, кенг жамоатчик кўтараётган долзарб масалалар кенг кўламдаги парламент назорати тадбирларига асос бўлмоқда. Хусусан, бевосита фуқаролар мурожаатлари асосида “Сардоба” сув омборида юз берган техноген ҳолат оқибатларини бартараф этиш, ҳалокат туфайли зарар кўрган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳолати бевосита жойига чиқиб ўрганилди. Ўрганиш натижалари Сенат Кенгашининг Сирдарёда ўтказилган сайёр мажлисида Ҳукумат аъзолари иштирокида муҳокама қилиниб, кўпгина масалалар ҳал этилганди.