Тошкент шаҳрида 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Абдусалом Азизовнинг Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, мудофаа вазири Чан Ваньцюан билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда ҳарбий, ҳарбий-техник ва ҳарбий таълим соҳаларидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Хитой Халқ озодлик армияси Миллий мудофаа университети ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
ХХР мудофаа вазири пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонига ташриф буюриб, Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйди.
Ташриф дастури доирасида Хитой делегацияси аъзоларининг мамлакатимиз ҳарбий қисмлари ва муассасаларида учрашувлар ўтказиши ҳамда Самарқанд шаҳрининг қадимий тарихий ёдгорликлари билан танишиши кўзда тутилган.