Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши раиси Д.Жумабеков бошчилигидаги делегация 20 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлди.
Меҳмонлар дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Юртбошимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Мажмуада амалга оширилган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари, маҳобатли мақбара, миллий услубдаги айвон ва бошқа иншоотлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Қирғизистон делегацияси вакиллари буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси ва бошқа тарихий обидаларда бўлди. Меҳмонларга осори-атиқалар тарихи ва вилоятда кейинги йилларда олиб борилган бунёдкорлик-ободончилик ишлари ҳақида ҳикоя қилинди.