Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик  ишлари ва саноат корхоналари фаолияти билан танишди.

Биринчи объект Яшнобод туманидаги Технопарк бўлди. Давлат раҳбарининг 2019 йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ушбу инновация технопарки ташкил этилган эди. Ўтган қисқа вақтда бу ерда замонавий индустрия йўлга қўйилди.

Масалан, Тошкент авиация заводи ишлаб турган 2010 йилда 50 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 30 миллион долларлик экспорт қилинган бўлса, Технопаркдаги барча лойиҳалар натижасида 2021 йилда 520 миллион долларлик маҳсулот тайёрланади ва 105 миллион долларлик экспорт қилинади.

Шунингдек, илгари 3 мингдан зиёд иш жойлари бўлган, Технопаркда 6 минг 700 га яқин бўлади. Яъни, маҳсулот ишлаб чиқариш 10 баробар, экспорт 3,5 баробар, иш жойлари 1,7 баробар кўпаяди.

Технопарк 7 та блокдан иборат. Бу ерда умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Жорий йил февралда электрон газ ҳисоблагичлар корхонаси, августда маиший совутгичлар заводи ишга туширилган эди. Бошқа лойиҳалар ҳам бирин-кетин фойдаланишга топширилмоқда.

Президент шундай янги қувватлар – лифт ва эскалаторлар, форма ва қолиплар, сув насослари, саноат кондиционерлари ва совутиш тармоқлари корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди.

Лифт корхонасида давлатимиз раҳбари маҳсулотларнинг локализация даражаси билан қизиқди. Ҳозир бу кўрсаткич 32 фоизни ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги кўп қаватли уйларда энг катта муаммо лифтлар билан боғлиқлигини айтиб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш эвазига таннархни тушириш, эски лифтларни алмаштириб, янгиларига сифатли хизмат кўрсатиш бўйича кўрсатмалар берди. Замонавий лифтларни эксплуатация қилиш бўйича кадрлар тайёрлаш кераклиги қайд этилди.

Ушбу лойиҳа шу соҳада дунёда етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири “Shanghai Mitsubishi” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди. Йилига 2 минг дона лифт ишлаб чиқариш қувватига эга.

Маҳсулотлар қатор афзалликлари билан ажралиб туради. Корхона таклиф этаётган ускуналар барча турдаги бинолар, маъмурий идоралар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, турар жойлар, меҳмонхоналарда фойдаланиш учун мўлжалланган. Хавфсизлик ва сифат кўрсаткичларига тўла жавоб беришини таъминлаш мақсадида ҳудудда баландлиги 60 метрли синов минораси ташкил қилинган.

Давлатимиз раҳбари форма ва қолиплар корхонасида ёш ходимлар ишини кузатди.

Корхонада совутилган ҳолда штамплаш йўли билан металлга шакл берувчи қолиплар ва қуйиш йўли билан пластик маҳсулотларга шакл берувчи пресс формалар ишлаб чиқарилади.

Лойиҳанинг самарадорлиги юқори бўлиб, шу турдаги бошқа пресс форма ускуналари бир дақиқада 5 та деталь ишлаб чиқарса, ушбу корхона томонидан фойдаланиладиган шундай ускуналар бир дақиқада 20 та детални ишлаб чиқаради.

– Бундай корхоналар бир эмас, бир нечта жуда муҳим иқтисодий-ижтимоий масалаларни ҳал қилади. Одамларни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлайди. Энг асосийси, бугунги ютуғимиз – саноатда юқори технологияларни амалда ишлата оладиган замонавий миллий кадрларнинг янги авлоди етишиб чиқяпти, – деди Президент.

Шавкат Мирзиёев маҳсулотлар сифатини илғор мутахассислар таъминлашини, шу боис ёшларни бундай корхоналарда ишлашга тайёрлаш учун ўқув маркази ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Сув насослари ишлаб чиқариш корхонасининг йиллик қуввати 550 минг донани ташкил этади ва 200 та янги иш ўрни яратилади. Лойиҳа соҳанинг етакчи ишлаб чиқарувчилари “LEO” компаниялар гуруҳи ҳамда “Atlas Copco” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Маҳсулотлар асосан, уй ва қишлоқ хўжалигида, томчилатиб суғориш ва иссиқхона мажмуаларида, шунингдек, маиший сув иситиш тизимларининг ажралмас қисми сифатида фойдаланишга мўлжалланган. Ишлаб чиқаришда юқори сифатни таъминлаш мақсадида замонавий лаборатория ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари саноат кондиционерлари ва совутиш тармоқлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Бу ерда йилига 80 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади. Лойиҳа натижасида 300 та янги иш ўрни яратишга эришилади.

Ушбу жиҳозлардан ижтимоий соҳа объектлари ва совутиш омборхоналарида бирдек фойдаланиш мумкин.

Келгуси йили Технопаркда совутувчи витриналар, иситиш радиаторлари, ошхона техникалари, фурнитура ва аксессуарлар, мис қувурлар, изоляция материаллари каби бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 9 та корхона ишга туширилади.

Шу ерда Президент Шавкат Мирзиёев  пойтахтимизда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан мулоқот қилди.

– Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришамиз? Мени шу савол қийнайди. Сизлар билан учрашишдан мақсад қуйи тизимдаги масалаларни билиш, тўғри йўл тутиш, – деди давлатимиз раҳбари.

2020 йил барча соҳалар учун катта синов бўлди. Тиббиёт ходимлари ҳам, ўқитувчилар ҳам янгича шарт-шароитда ишлашига тўғри келди.

– Оғир синовлар пайтида бирлашдик. Бу синовлар бизни изланишга мажбур қилди. Шунинг учун натижа бўлди, – деди Президент.

Айни пайтда, пандемия қайси соҳаларда оқсаш борлигини, ислоҳот, ривожланиш йўналишларини ҳам кўрсатиб берди. Жорий йил 30 октябрь куни таълим-тарбия тизими, 6 ноябрда эса соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишлари шу мақсадга қаратилган эди. Уларда муҳокама қилинган долзарб масалалар ва билдирилган таклифлар асосида таълим-тарбия ва илм-фанни ривожлантириш, бирламчи тиббий муассасалар фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш бўйича Президентнинг фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Учрашувда таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ислоҳотларнинг аҳамияти, уларни қуйи тизимда амалга ошириш чоралари ҳақида суҳбатлашилди.

Шавкат Мирзиёев аҳоли соғлиқни сақлаш тизимидан норози эканини таъкидлади.

– Шифохонадан чиққан 20 та одам билан гаплашинглар, ҳаммасини айтади. Кўпчилик тиббий хизматлар сифатидан норози, – деди Президент.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашнинг илғор тажрибасини жорий этиш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш бўйича фикрлар билдирилди.

Соғлиқни сақлаш ва таълим тизимлари аҳоли саломатлиги, ёш авлод камолотида ҳамоҳанг экани таъкидланди.

– Тиббиёт ва таълим – давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўприги, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев. – Ҳаммамиз ўзимизни қийнаб, ҳалол бўлиб, бу тизимларни тўғрилаб олсак, ана шунда адолат таъминланади. Халқимиз рози бўлади. Тошкент бунда намуна бўлиши керак.

Давлатимиз раҳбари Мирзо Улуғбек туманидаги Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази қурилишини бориб кўрди.

Марказ ўз номи билан кўп тармоқли. Бу ерда жарроҳлик, реанимация, кўз микрохирургияси, умумий терапия, нефрология, пульмонология, гепатология, аллергология, кардиология, қон-томир жарроҳлиги, кардио-реанимация, стоматология, гастроэнтерология, эндокринология ва бошқа ихтисослаштирилган бўлимлар бўлади. Тиббий хизматлар халқаро стандартлар асосида комплекс тарзда кўрсатилади.

– Бундай, ҳамма йўналишни қамраб олган клиникани бошқариш тажрибаси бизда йўқ. Шунинг учун бу ерни бошқаришни тажрибали хорижлик менежерларга бериш, уларни ҳозирдан жалб этиб, қурилиш ва жиҳозлаш бўйича таклифларини олиш зарур, – деди давлат раҳбари.

Марказда 600 та койка бўлади. Амбулатор ва стационар тартибда 200 дан ортиқ тиббий хизмат йўлга қўйилади. Йилига 3 мингдан зиёд, жумладан, аорта-коронар шунтлаш, эстетик-пластик хирургия, артропластика, орган ва тўқималарни кўчириб ўтказиш каби юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш мумкин бўлади.

Президент Қорақалпоғистон ва вилоятларда қуриладиган клиникаларни ушбу марказ билан боғлаш муҳимлигини таъкидлади.

– Беморлар учун энг азоблиси – йўл. Узоқ ҳудудлардаги касалларга масофадан ташхис қўйиш ва даволашни ташкил этиб, халқимизни шу қийинчиликдан халос қилиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Илғор хорижий тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, уларнинг етакчи мутахассислари марказ фаолиятига кенг жалб этилади. Марказ фаолиятини ташкил этишда халқаро алоқаларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Германия, Туркия, Жанубий Корея, Россия каби давлатларнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорликда чет эллик шифокорлар ишга олиниши мўлжалланган.

Бу ерда 250 нафар шифокор, 500 нафар ўрта тиббиёт ходими ишлайди. Малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида таълим-амалиёт-илм-фан интеграциясига кенг ўрин берилади.

Халқ тилида «эски ТошМИ» деб юритиладиган ҳудудда қурилаётган ушбу замонавий шифохонани келгуси йил декабрда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ташриф буюрди.

Бу ерда кардиожарроҳлик, трансплантология ва нейро-қон-томир жарроҳлиги бўлимлари учун 75 ўринли янги бино қурилмоқда. Бунинг натижасида мазкур мураккаб йўналишларда замонавий шароит яратилади ҳамда жарроҳлик амалиётлари ўтказиш қамрови ошади.

Ушбу бўлимларда йилига қўшимча 3 минг беморга юқори технологик шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга имконият яратилади.

Ҳозирги кеча-кундузда кардиожарроҳлик бўлимида 400 зиёд амалиёт бажарилади. Янги бино фойдаланишга топширилгач, мазкур бўлимда йилига 700 дан ортиқ кўтарилувчи аорта ва юрак клапанларни протезлаш, кўп томирли аорта-коронар шунтлаш операцияларини ўтказиш мумкин бўлади.

Трансплантология бўлимида айни вақтда йилига 100 та амалиёт бажарилади. Янги бўлимда эса йилига 300 дан зиёд буйрак ва жигар бўлагини кўчириб ўтказиш амалиётларини йўлга қўйишга эришилади.

Нейро-қон томир хирургияси бўлимида бош мия қон-томир нуқсонларини жарроҳлик йўли билан даволаш натижасида йилига 200 дан зиёд ногиронликка маҳкум беморлар учун ноёб амалиётлар ўтказилади. Ҳозирги пайтгача бу бўлимда 50 тагача бемор муолажа қилинган.

Бундан ташқари, интервенцион муолажалар бўлимида ҳар йили қўшимча мингдан зиёд ўткир коронар синдром, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишида юқори даражадаги минимал инвазив диагностика ва даволаш муолажалари амалга оширилади.

Шунингдек, бинода реанимация бўлими, интенсив даволаш ўринлари, амалиёт бўлимлари, юқори технологик ускуналарга эга ташхислаш бўлими бўлади. Янги иморат 2021 йилда фойдаланишга топширилади.

Мазкур бўлимларда ишлайдиган шифокорлар Австрия, Туркия, Япония ва Финляндиядаги тиббий илмий марказларда малака оширди.

Президент янги бўлинмалар қурилишини кўздан кечирди. Бу шифохона илмий марказ эканига алоҳида урғу бериб, малакали хизмат қамровини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун уни бирламчи бўғин билан боғлаш, чет элдан олимларни жалб этиб, жойлардаги шифокорлар билан тажриба алмаштириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

– Бизда тез тиббий ёрдамнинг туманларда ҳам филиали бор. Келаси йилда бу бинони қуриб битказиб, вилоятлардаги филиаллар билан телемедицина орқали боғлаш керак. Шунда жойлардаги тез тиббий ёрдам бўлимлари ҳам одамларга тезкор, юқори малакали ёрдам кўрсата оладиган масканларга айланади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Халқимиз маънавий савиясини юксалтириш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда миллий кино санъатининг ўрни беқиёс. Ўзбек кино санъатининг ўз йўли ва анъаналари, санъатимиз дарғалари ижросида яратилган унутилмас картиналаримиз бор.

Мустақиллик йилларида ана шу анъаналарни давом эттирадиган, кино санъатимизда бурилиш бўладиган асарлар яратилди. Аммо ўтган асрда жадал фаолият олиб борган киноиндустрия корхоналари яқин ўн йиллар давомида турғунлик даврини бошдан кечирди. Фақат енгил-елпи, тижорат картиналари яратилиб, соҳа ривожи дунёдан ортда қолиб кетди.

Сифатли фильмлар яратиш учун моддий-техник база етарли эмаслиги, фильмларга ажратиладиган бюджет маблағлари камлиги, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўлақонли йўлга қўйилмагани, кинотаълим масаласига жиддий ёндашилмагани кино санъати ривожига тўсиқ бўлди.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш, миллий кинематографияни бугунги замонга мос ривожлантириш бўйича сўнгги йилларда сезиларли қадамлар ташланди. Соҳага эътибор ва рағбат берилгани боис киноасарлар мазмуни ўзгарди. Хусусан, «Имом Термизий», «Исломхўжа», «Элпарвар», «Қўқон шамоли», «101», «Ибрат» каби тарихий фильмлар ишланди.

Президентимиз Олий Мажлисга жорий йилги Мурожаатномасида кинематография соҳасида бадиий жиҳатдан етук асарлар яратиш, замонавий киноиндустрияни ривожлантириш, жумладан, янги кинотеатрлар қуриш лозимлигини таъкидлаган эди.

“Кинематография тўғрисида”ги қонун ва Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача кинематографияни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда ўзбек кинематографиясининг стратегияси, кино индустрияни ривожлантириш, соҳага бозор механизмларни жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги бунёдкорликлар билан танишиш жараёнида “Ўзбекфильм” киностудиясига ҳам ташриф буюриб, бу ерда амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар билан танишди.

“Ўзбекфильм” узоқ йиллар давомида таъмирталаб ҳолда, ярим қувватда ишлаб келди, павильонларда шароит йўқлиги, эскирган техник ускуналар сифатли киноасарлар яратишда қийинчиликлар туғдирар эди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳага катта маблағ йўналтирилди. Хусусан, “Ўзбекфильм”даги барча павильонлар таъмирланиб, янги картиналар суратга олиш учун шароит яхшиланди. Мазкур киностудия ва ҳужжатли фильмлар студиясини замонавий техникалар билан жиҳозлаш давом этмоқда.

Президентимиз шу ерда кино санъати фахрийлари, режиссёрлар, соҳа мутаcаддилари билан суҳбатлашди.

– Кино жуда мураккаб, халқимиз, жамиятимиз учун муҳим соҳа, – деди Шавкат Мирзиёев учрашувда. – Илгари  “Ўзбекфильм” студияси хароба ҳолга келиб қолганди. Кўп жойлари, бинолари ижарага бериб юборилганди. Мана, ҳаммаси ўз эгасига – киночиларга қайтарилди.

Глобаллашув ва интернет ҳаётимизни ўзгартираётган бугунги кунда кино санъати одамлар диди ва эътиборини қозониши учун рақобатбардош бўлиши лозимлиги таъкидланди. Мамлакатимизда киноижодкорларга эътибор қаратилаётгани, соҳанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, бадиий етук асарлар яратиш рағбатлантирилиши қайд этилди.

– Охирги йилларда яратилган киноларимизнинг сони кам бўлса ҳам, маъноси бор, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбек томошабини фақат чет эл телесериаллари таъсирига тушиб қолмаслиги, аксинча, тарихимиз, санъатимиз, адабиётимиз, қадриятларимизни яхши билиши, шу руҳда тарбия топиши кераклиги таъкидланди.

– Кино – тарбиянинг замини. Бу ижоднинг мактабини очишимиз керак. Ҳозир мукаммал фильмлар яратишга ҳавасимиз бор, лекин сифатлиси кам. Юртимиз тарихи ҳақида албатта фильм бўлиши керак. Бунга вақт келди, – деди давлатимиз раҳбари.

Энг сара ўзбек фильмлари 100 талигини тузиб, давлат ва хусусий телеканалларда намойиш қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Президентимиз миллий кино санъатимиз фидойиларини эътироф этиш мақсадида ҳар бир ҳудуд умумтаълим мактабларига Раззоқ Ҳамроев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Ҳамза Умаров, Лутфихоним Саримсоқова каби эл севган ижодкорлар номини беришни таклиф қилди.

Жаҳон киносаноати ютуқларини ўрганиш ва татбиқ этиш, ижодкорлар малакасини ошириб бориш, хусусан, ёшларни Россия давлат кинематография институтида ўқитиш бўйича фикрлар билдирилди. Шунингдек, болалар учун киностудия ташкил килиш ғояси ҳам илгари сурилди.

Учрашувда Киноарбоблар уюшмаси раиси ўринбосари Матёқуб Матжонов, Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев, Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси директори Баҳодир Одилов, режиссёр Рустам Саъдиев, актёр Фарҳод Маҳмудовлар сўзга чиқиб, мамлакатимизда кино санъатига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Бу ғамхўрлик ижодкорларни илҳомлантиргани, эндиликда улар миллий кино санъатимизни жаҳонга олиб чиқиш учун янада кўпроқ изланиши таъкидланди.

Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Чилонзор туманини ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш масалалари муҳокамаси юзасидан маҳалла раислари, ёшлар, мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказди.

– Бугун туманда «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, иқтисодиётни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича вазифаларни белгилаб олишимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари тадбир аввалида.

Чилонзорда 51 та маҳалла бор. Иқтисодий фаол аҳолининг 9 фоизи ишсиз. Киши бошига саноат ҳажми Тошкент шаҳридаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробар паст.

Шу боис маҳаллалардаги резервлар ўрганилиб, туманни комплекс ривожлантириш бўйича икки йиллик дастур ишлаб чиқилди. У еттита асосий йўналишни қамраб олган.

Дастурга кўра, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик, кимё, фармацевтика, заргарлик каби соҳаларда умумий қиймати 10 триллион 238 миллиард сўмлик 298 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган.

Шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, йўл ва коммунал тармоқларни таъмирлаш, тиббиёт ва таълим соҳаларида янги ислоҳотларни жорий этиш, жиноятчиликни қисқартириш бўйича долзарб вазифалар белгиланди.

– Агар маҳаллабай ичига кирсак, одамлар адолатни сезади, – дея таъкидлади Президент.

Давлатимиз раҳбари йиғилишга келган ёшларнинг фикрларини тинглади. Уларнинг барча таклифларини қўллаб-қувватлаб, ижроси бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

– Тошкентда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Шаҳар ёшлари форуми ўтказилади. Тошкент ёшлари карвонбоши бўлиши керак.

Пойтахт туманларида «лойиҳалар фабрикаси» ташкил этилиб, ёшларнинг бизнес ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.

– Ўзбекистоннинг эртанги кунини пешона теримиз билан яратамиз. Ким бу ишларни қилади? Ватанни севган, фидойи инсонлар! Йўлимиз битта: одамларга ҳалол хизмат қилиш, халқимизнинг розилигига эришиш, – деди давлат раҳбари йиғилиш якунида.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Абдулазиз МУСАЕВ,

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА