ШҲТГА аъзо давлатлар Бош прокурорларининг мажлиси

20 октябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган мажлисга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислик қилди.Тадбирда ШҲТга аъзо, кузатувчи ҳамда мулоқот бўйича шерик давлатлар бош прокурорлари, шунингдек, ШҲТ Бош котиби Владимир Норов, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов, Халқаро прокурорлар ассоциацияси президенти Чхол-Кю Хван иштирок этди.
7.JPG

8.JPG

Мажлисда қайд этилганидек, ШҲТ умумий манфаатларни ҳимоя қилишнинг самарали тизимидир. Яхши қўшничилик ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ушбу нуфузли тузилма муҳим роль ўйнамоқда.

Ташкил этилгандан буён ШҲТ давлатлари ўртасида ўзаро ҳурмат, тушуниш, юқори даражадаги ишонч ва биргаликда қарор қабул қилиш руҳи шаклланди. Жумладан, коронавирус пандемиясига қарши курашда Ташкилотга аъзо давлатлар бирдамлиги ва ўзаро қўллаб-қувватлашнинг юқори даражаси – «Шанхай руҳи» яққол намоён бўлди.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши саммитларида жиноятчиликка қарши кураш, жумладан, Ташкилотга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлиги таъкидлаб келинган.

9.JPG

Шу нуқтаи назардан, мазкур анжуманда кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлар Бош прокуратуралари вакиллари иштирок этиши ШҲТ доирасида ҳуқуқий соҳада идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик умумий мақсадга эришиш, яъни ШҲТ маконида қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим омилидир.

Коррупцияга қарши кураш доимий равишда дунё ҳамжамияти, хусусан, ШҲТ давлатлари учун ҳам долзарб масала экани инобатга олиниб, тадбирда мазкур иллатга қарши кураш бўйича самарали механизмлар муҳокама қилинди, айни йўналишда ўзаро тажриба алмашилди. Соҳадаги мавжуд муаммолар конструктив равишда муҳокама қилиниб, тегишли масалалар ечими бўйича ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилган устувор чора-тадбирлар белгиланди.

1.JPG

6.JPG

Мажлис иштирокчилари якдиллик билан қайд этганидек, Бош прокуратураларнинг кенг кўламли ишлар бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракати, ташаббуслари халқаро майдонда ШҲТ обрўсини, глобал мавқеини янада оширишга хизмат қилади.

Бинобарин, минтақавий ва глобал сиёсатни шакллантириш механизми сифатида дунё аҳолисининг ярмидан кўпини бирлаштирган ШҲТни Евроосиё минтақасида хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашдаги ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. Мажлис тўлиқ ўзаро англашув руҳида, дўстона муҳитда ўтди.

Йиғилиш якуни бўйича имзоланган Баённомада кун тартибидаги асосий масалалар бўйича ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг ўн тўққизинчи мажлисини 2021 йил Ҳиндистон Республикасида ўтказиш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.

5.JPG
2.JPG

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА