Ўзбекистон сув ресурсларининг 80 фоизи бошқа мамлакатлардан оқиб келади, бор-йўғи 20 фоизи мамлакатимиз ҳудудида ҳосил бўлади.

Жорий йил куз-қиш ва баҳор ойларида ёғингарчилик яхши бўлди. Шунинг ҳисобига, Сув хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра 2024 йилнинг 19 апрель ҳолатига кўра республикамиздаги сув омборларига жами 10 млрд 7 млн куб метр (2023 йилнинг мос даврига нисбатан 12 фоизга кўп) сув ресурслари йиғилди. Жорий йилнинг 1 апрелдан ёзги суғориш мавсуми бошланган бўлиб, ҳудудларга белгиланган лимит асосида сув етказиб берилмоқда.

Ўзбекистон “Амударё” ва “Сирдарё” дарёлари ҳавзасида жойлашган бўлиб, соҳа олимлари ва мутахассислар томонидан
1980 йилларда Ўзбекистоннинг бир йиллик сув истеъмоли 64 млрд м3 деб ҳисоб-китоб қилинган.

Минтақада сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, қор ва ёмғирларнинг кам бўлаётганлиги, музликларнинг ва йирик дарёлар ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув сарфининг камайиб бораётганлиги, шунингдек, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли республикада ўртача йиллик 51 – 53 млрд м3 (97,2 фоизи дарё ва сойлардан, 1,9 фоизи коллектор тармоқларидан, 0,9 фоизи ер остидан) сув ресурсларидан фойдаланиб, ажратилган сув олиш лимитига нисбатан 20 фоизга қисқарган.

Гидрометеорология хизмати агентлигининг таҳлили ва дастлабки баҳолашга кўра Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг кўпчилик дарёларида 2024 йил суғориш мавсумида кутилаётган сув миқдори меъёрга нисбатан Қашқадарё дарёсида 70-80 фоиз, Вахш, Сурхондарё, Зарафшон, Қорадарё, Чирчиқ ва Оҳангаронда 80-90 фоиз, Фарғона водийси шимолидаги дарёлар ва Норин дарёсида 85-95 фоиз, Фарғона водийси жанубидаги дарёларда 95-105 фоиз бўлиши кутилмоқда.

Каналларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани рақамлаштириш, сувни самарали бошқариш ҳисобига мамлакатимизда ҳар йили 7 млрд м3 атрофида сув иқтисод қилинаяпти. Об-ҳаёт тежамкорлик билан, ҳисоб-китоб асосида етказиб берилаётгани натижасида қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олинаяпти.

Сув танқислигига курашиш Ўзбекистон ҳукумати олдидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан 2024 йил сув хўжалиги тизимида “Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинди.

Жорий йилда 5 минг км суғориш тармоқлари, шундан 1,5 минг км магистрал ва хўжаликлараро ҳамда 3,5 минг км ички тармоқларни бетонлаш вазифаси қўйилган.

Каналларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, соҳани рақамлаштириш, сувни самарали бошқариш ҳисобига 2024 йилда 8 млрд м3 сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган.

2024 йил бошидан 554,5 км магистрал ва хўжаликлараро каналларга тегишли жами 75 та лойиҳа бўйича 413,9 млрд сўм маблағлар тўлаб берилди ва уларнинг 405,6 млрд сўми ўзлаштирилди.

Бунинг ҳисобига бугунги кун ҳолатига кўра 518,2 км каналлар реконструкция қилинди, шундан 351,7 км қисми бетонлаштирилди. Бу борада қилинаётган ишлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Сув хўжалиги вазирлиги, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари томонидан назоратга олинган.

Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев, Иброҳим Душанов (видео), ЎзА