Жорий йилнинг 14-16 май кунлари пойтахтимизда Ўзбекистон энергетика ҳафталиги бўлиб ўтади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова ЎзА мухбирига мазкур ҳафталик юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:

– Маълумки, ёқилғи-энергетика сектори ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва фаровонлигининг муҳим таркибий қисмларидан биридир. Бугунги кунда энергия манбалари атрофида барча соҳаларнинг шаклланиши, шаҳарларнинг ўсиши ва халқ фаровонлигига ҳисса қўшадиган кучли инфратузилма ривожланмоқда.

“Яшил” энергетика тизимини амалга ошириш учун кўп йиллик саъй-ҳаракатларга қарамасдан анъанавий энергия манбаларига талаб ҳали ҳам юқори бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон ёқилғи-энергетика соҳасига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш драйвери сифатида устувор аҳамият бермоқда. Тизимни тубдан янгилаш ва ўзгартириш, янги ресурсларни қидириш ва разведка қилиш ҳамда мавжуд конлар фондидан самарали фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон энергетика ҳафталиги тадбирлари жаҳон тажрибаси ва билимларини илмий-инновацион таққослаш, соҳанинг энг янги ускуналари ва технологик ечимларини намойиш этиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу ҳафталик доирасида “Ўзбекистон миллий стратегиясига мувофиқ энергетика сиёсатини уйғунлаштириш” пленар сессияси, “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2024” халқаро кўргазмаси ва анжумани, “Энергетика, энергия тежамкорлиги, атом энергетикаси, муқобил энергия манбалари – “Power Uzbekistan 2024” халқаро кўргазмаси, 4-халқаро энергетика анжумани каби қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар 400 дан ортиқ компания ва бренд, 50 дан ортиқ маърузачи ва 800 нафар делегат энергетика ҳафталиги ишида иштирок этишини тасдиқлаган. Тадбир иштирокчиларининг географияси 29 мамлакатни ўз ичига қамраб олади. Улар Ўзбекистон, Австрия, Озарбайжон, Беларусь Республикаси, Бельгия, Болгария, Буюк Британия, Германия, Грузия, Дания, Ҳиндистон, Индонезия, Эрон, Италия, Қозоғистон каби давлатлар вакилларидир.

“OGU 2024”  ва “Power Uzbekistan 2024”  халқаро кўргазмалари экспозицияси “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуининг барча павильонларида намойиш этилади. Унда бир қатор давлатлар қаторида Италия ва Россия компаниялари жамоавий стендлари, Германия ва Хитой компанияларининг кенг иштироки эътиборга сазовордир.

Компаниялар нефть ва газ, энергетика ускуналари соҳасида илғор ишланмалар ва ечимларни, шунингдек, уларни амалдаги энергия тизимларига жорий этиш тажрибасини тақдим қилади.

Ҳафталик доирасида 14-15 май кунлари ташкил этиладиган анжуманларда Ўзбекистон миллий стратегиясига мувофиқ энергетика сиёсатини уйғунлаштириш, энергетика лойиҳаларининг инвестицион жозибадорлиги, энергия тизимларини рақамли трансформация қилиш, замонавийлаштириш ва диверсификация қилиш, фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олишнинг янги йўналишлари, нефть-газ-кимё мажмуаси трансформацияси, қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қилиш, тинч атом энергияси ва ESG барқарор ривожланиш асослари кўриб чиқилади.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан “Ung-youth marathon”,  “Заковат” интеллектуал ўйини, видеороликлар танлови, “Қувват” 3D анимацион сериали тақдимот каби тадбирлар ўтказилади.

Ҳафталикнинг ташкил этилиши ушбу соҳалар ривожида муҳим бўлиб, иштирокчилар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон энергетикаси учун янги ҳамкорлар топишга хизмат қилади.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.