Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасида бандлик хизматлари такомиллаштирилиши муносабати билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Мазкур қонун лойиҳаси билан иш қидираётган шахслар томонидан меҳнат органларига ортиқча ҳужжатлар тақдим этилишининг олдини олиш, шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш шартларини ўзгартириш, иш берувчининг бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларини электрон шаклда юбориш шартлари белгиланмоқда, — деди депутат О.Мамирова. — Шунингдек, меҳнат органлари томонидан бўш иш ўринларига йўлланмалар бериш тартибини янада такомиллаштириш, бандликни рағбатлантирувчи субсидиялар ва ссуда ажратиш механизмларини тартибга солишга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда.

Шунингдек, маърузачи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш мобайнида унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берди, фракция аъзоларининг берган таклифлари инобатга олинганини қайд этди.

—  Сўнгги йилларда аҳоли бандлиги масаласида давлат хизматларини кўрсатиш, соҳани рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ёшларга бўш иш ўринлари билан таништириш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда, — деди фракция аъзоси Равшан Бегматов. — Ушбу лойиҳа билан маҳаллий бандлик органларига бўш иш ўринларини тақдим этиш жараёнларини соддалаштириш, оммавий равишда ишдан бўшатилганда уларни ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтириш, маҳаллий бандлик органларига мурожаат қилганда ортиқча ҳужжатларни талаб қилмаслик каби қатор нормалар киритилмоқда. Унинг қабул қилиниши бандлик хизматларини кўрсатишда юзага келадиган турли муаммоларни бартараф этиш, бандликка кўмаклашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Йиғилишда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди. Кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА