Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Австриянинг Граз тиббиёт университети ва «Novabioma Biomanufacturing Flexco» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Фармацевтика техник университети, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти, «Тошкент Фарма Парк» кластери мутасадди вакиллари иштирок этди.

Делегация аъзолари ушбу ташрифдан мақсади фармацевтика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиликлар билан яқиндан танишиш эканини билдирди.

Учрашувда «Novabioma Biomanufacturing Flexco» компанияси фаолияти тақдимот қилинди. Янги лойиҳа асосида онкологик касалликлар ва оқсил препаратлари учун субстанцияларни ишлаб чиқариш мумкинлиги таъкидланди.

Тақдимотлардан сўнг лойиҳанинг турли жиҳатлари, шу жумладан, техник тафсилотлар, молиявий асослар ва логистика масалалари бўйича савол-жавоблар ўтказилди.

М.Қосимова, ЎзА