Ўтаётган ҳафта Эрон Ислом Республикасининг амалдаги Президенти Иброҳим Раисий вафот этди. Мамлакат етакчиси 19 май куни Шарқий Озарбайжон вилояти ҳудудида делегация аъзолари, жумладан ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён, вилоят губернатори Малик Раҳматий ва имом Али Ҳошим билан бирга ҳавода ҳалокатга учради.

Раисий учган вертолёт Озарбайжон билан чегара яқинидаги тоғли ҳудудда қулаган. Қутқарув ишлари ноқулай об-ҳаво шароитида 15 соатдан кўпроқ давом этгани маълум.

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳуманаийга яқинлиги айтиладиган 63 ёшли Раисий 2021 йил Эрон президентлигига киришган эди. Ҳозир унинг ўрнига биринчи вице-президент, олий раҳнамо тарафдори сифатида танилган Муҳаммад Муҳбар муваққат президентликка қўйилди. 28 июнга муддатидан олдин президентлик сайлови белгиланди.

Раисийнинг дафн маросими она шаҳри – Машҳадда ўтган.

Туркиянинг “Hürriyet” газетаси ёзишича, Раисий ички сиёсат қурбонига айланган бўлиши мумкин. Эрон разведка хизмати маълумотига кўра, Раисий учган учоқ йўловчилари рўйхатига сўнгги дақиқада ўзгариш киритилган. Президент кортежига уч вертолёт ҳамроҳлик қилган, иккиси манзилга етиб борган.

Ахборотда қайд этилишича, амалдаги олий раҳнамо Али Ҳуманаий кексайиб қолган, Эрон диний раҳбариятида ҳокимият учун зимдан кураш кетяпти.

– Раисий диний раҳнамони сайлайдиган делегациянинг бир қисми сифатида бош лавозимга энг кучли номзодлардан бири эди, – деб ёзади газета. – Олий етакчи атрофида тўпланган гуруҳ эса бу курсида Али Ҳуманаийнинг ўғли Мужтаба Ҳуманаийни кўрмоқчи. Вертолёт ҳалокатида асосий эътибор Раисийга қаратилган. Бинобарин, Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён ҳам Эрон режимининг муҳим шахси, президентликка номзодлардан бири эди. Унга-да суиқасд уюштирилган бўлса, бир ўқ билан икки қуён урилган. Нашр Президентга нима учун лозим даражада жиҳозланмаган учоқ ажратилгани, бошқа икки вертолёт эса жиддий муаммосиз учганига ҳам эътибор қаратган.

Исроил ОАВ ёзишича, собиқ мудофаа вазири, ҳозир ҳарбийлар маҳкамаси аъзоси Бени Ганс Бош вазир Нетаньяҳуга ультиматум қўйиб, 8 июнга қадар бир неча масала бўйича аниқ режа ишлаб чиқишни сўраган. Жумладан, гаровга олинган исроилликлар уйига қайтарилиши, ҲАМАСни йўқ қилиш, қатор Араб давлатлари билан алоқани мўътадиллаштириш талаб қилинган. Шунингдек, Умумҳарбий мажбурият тўғрисида қонун қабул қилиш ҳам Нетаньяҳу зиммасида қолмоқда. Исроилда диндор яҳудийлар жон-жаҳди билан ҳарбий хизматга чақирилмасликка ҳаракат қилаётгани асосий сиёсий муаммолардан бирига айланган. Дунёвийлар эса бундан жуда норози. Ушбу ҳафта яҳудий аскарлар Жабалия лагери ва Женин қочқинлар қўналғасига бостириб кирди. Ҳужум оқибатида шифокор, ўқитувчи ва талабалар вафот этган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шаҳардаги нотинчлик сабаб 700 га яқин бемор уруш ҳудудида қолиб кетганини айтган. Армия гуманитар ёрдам йўлагини ёпиб қўйгач, охирги икки ҳафтада аҳоли ва шифохоналарга зарур маҳсулотлар етиб бормаган.

Ҳафта адоғида Халқаро суд фаластинликлар учун хавф туғдирган Рафоҳга ҳарбий ҳаракатни зудлик билан тўхтатиш кераклиги юзасидан қарор чиқарди. Суд Исроилга нисбатан геноцид ҳақидаги даъвони текшириш учун Ғазога киришни таъминлаш ва инсонпарварлик кўмаги юбориш учун Миср билан чегарада назорат нуқтаси очиш лозим, деган қарорга келди. Исроил бир ой ичида кўрилган чора бўйича ҳисобот бериши шарт.

Фаластинни мамнун этадиган ягона воқеа Норвегия, Ирландия ва Испания томонидан мустақил давлат сифатида тан олиниши бўлиб турибди. Шу қарор туфайли уч мамлакат элчилари Исроил Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Норвегия Бош вазири Ёнас Гар Стере тегишли қарор 28 майдан кучга киришини айтди. Айни пайт Европа Иттифоқига аъзо 27 давлатдан 9 таси Фаластинни расман тан олган.

Ўтаётган ҳафта Россия армияси ядро қуролини қўллаш бўйича машқ бошлади. Мамлакат ТИВ машғулот акс этган видеони ҳам эълон қилди. Лавҳада “Искандар” тезкор-тактик ракета тизими жойлаштирилгани, тизимга ракета ўрнатилгани, шунингдек аэродромда “Кинжал” гипер товушли ракета ташувчиси тургани кўринган.

– Машғулот иғвогарона баёнот ва таҳдидга жавобан, Россия давлати ҳудудий яхлитлиги ҳамда суверенитетини сўзсиз таъминлашга қаратилган, – дейилади Мудофаа вазирлиги ахборотида.

Америка Қўшма Штатлари “Sentinel” номли қитъалар аро баллистик ракета парвозига тайёргарлик кўряпти. Синов аввал белгиланган жадвал бўйича ўтказилади. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазирлиги ҳузуридаги ядро хавфсизлиги миллий бошқармаси раҳбари Жилл Хруби баёнот берган. Ушбу амалиётга сабаб сифатида рақиблардан ортда қолмаслик важи келтирилган.

23-24 май кунлари Хитой Халқ Озодлик армияси Тайваннинг уч томонидан ўраб олиб, қуруқлик, ҳаво ва денгиз машқини ўтказди.

– Икки кунлик машғулотда ҳокимиятни биргаликда эгаллаб олиш, зарба бериш ва муҳим ҳудудни назорат қилиш қобилияти синовдан ўтказилмоқда, – дейилган расмий хабарномада.

Ҳарбий амалиёт Тайваннинг янги Президенти Лай Синденинг инаугурация нутқидан бир неча кун ўтиб бошланди. Етакчи маърузасида Тайвань суверен ва мустақил давлатлиги, суверенитет халқнинг қўлида эканини таъкидлаган. Пекинни Тайванга нисбатан тажовузкорликни тўхтатишга чақирган.

Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов, Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА.