Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги кун тартиби” мавзусида экспертлар конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, шунингдек 2023 йил 2 декабрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари етакчилари иккинчи саммитида эришилган келишувга мувофиқ ташкил этилди.

Экспертлар конференциясида ЕИ томонидан Марказий Осиё бўйича махсус вакил, терроризмга қарши кураш бўйича мувофиқлаштирувчи, ЕИнинг республикамиздаги элчиси, шунингдек тузилма молиялаштираётган лойиҳалар раҳбарлари, хавфсизлик бўйича ЕИ – Марказий Осиё форматида фаолият кўрсатаётган мутахассислар иштирок этди.

Ўзбекистон ва минтақамиз мамлакатларидан таҳлилий тузилмалар экспертлари, тегишли вазирлик, муассасалар вакиллари қатнашди. Анжуманда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик дастурлари доирасида ЕИ ва Марказий Осиё шериклиги жорий ҳолати таҳлил қилиниб, жараёнга тегишли баҳо берилди. Терроризм, экстремизм ва радикализм, кибер жиноятчилик, трансчегаравий уюшган жиноятчилик, одам савдоси каби таҳдидларга қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имконияти кўриб чиқилди.

Саидмурод Раҳимов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА