Бош прокурор ўринбосари С.Самадов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикасида қурилишга оид давлат дастурлари ижроси, бюджет харажатларини оптималлаштириш йўналишларида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи ўрганилмоқда.
Жумладан, Беруний туманида Инвестиция дастурига мувофиқ тумандаги Жуманиязов оилавий шифокорлик пунктини реконструкция қилиш, 6-, 70-сонли умумтаълим мактабларини қуриш, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 49-сонли умумтаълим мактаби биносини таъмирлаш, 2-сонли касб-ҳунар мактабига қўшимча бино қуриш объектларида бўлиб, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда нархларни сунъий кўтармаслик, ортиқча иш турлари киритилишига йўл қўймаслик, қурилишда лойиҳадан четга чиқмаслик бўйича топшириқлар берилди. Сўнггра, ишчи гуруҳ тумандаги “Шаббоз тош” масъулияти чекланган жамият бетон ва асфальт ишлаб чиқариш заводида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни билан ҳам танишди.
Шунингдек, Тўрткўл туманида Инвестиция дастурига мувофиқ “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган тиббиёт бирлашмасининг 70 ўринли туғруқ бўлими, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлимини жорий таъмирлаш, Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Тўрткўл тумани бўлими биноси объектларини ўз муддатида ва сифатли фойдаланишга топшириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, Элликқалъа тумани, “Думан қалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида 150 ўринли янги мактабгача таълим ташкилоти, тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими биноларини янгидан қуриш, 41-сонли мактабга қўшимча бино қуриш, Амударё туманидаги Манғит сув тозалаш иншооти, 31-мактабга қўшимча бино, “Янги Ўзбекистон” массивларида уй-жойлар ва коммуникация тармоқлари объектларида маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиши ҳисобига таннархни пасайтириш лозимлиги таъкидланди.
Тахтакўпир туманида Инвестиция дастурига мувофиқ “КС-4” туманлараро коллекторининг ПК100+00 дан ПК210+00 гача қисмини реконструкция қилиш, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида туман тиббиёт муассасасининг терапия ва туғруқ бўлимлари биносини таъмирлаш, 3-сонли умумтаълим мактабига спорт майдончаси қуриш объектларида бўлиб, сифатсиз бажарилган иш турларини бартараф этиш, қурилишнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, Қораўзак туманида “Ота макон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан 60 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш, 3-сонли умумтаълим мактабини реконструкция қилиш, С.Камалов овули фуқаролар йиғинига ичимлик суви тармоғини тортиш, “Янги Ўзбекистон” массивларида уй-жойлар ва коммуникация тармоқларини қуришда пудратчи ташкилотларининг ишчи ходимларини қонуний рўйхатдан ўтказиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, Чимбой туманида “Тағ жап” овул фуқаролар йиғинидаги “Киши куйин” сув олиш иншоотини реконструкция қилиш ва “Анна” ва “Санатория” овулларидаги ичимлик сув тармоғини янгидан қуриш, 4Р176 “Нукус ш. – Чимбой ш. – Тахтакўпир о.” автомобиль йўлининг 0-14,3 км ва 58-63 км қисмларини реконструкция қилиш, 24 ва 41-сонли умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш объектларида қурилиш сифатини тизимли назорат қилиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Ўрганишлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири