Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров ҳамда “Гулхан” журнали масъул котиби Азим Ахтамовлардан иборат делегациямизнинг Ҳиндистонга сафари давом этмоқда.

Ҳамкасбларимиз ушбу мамлакатда чоп этиладиган нуфузли нашрлардан бири – “The Indian Express” газетаси таҳририятида бўлиб, ижодий ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, газетани нашрга тайёрлаш ва саҳифалаш жараёнлари билан танишди.

Ўзаро мулоқот чоғида Ўзбекистонда кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари эмин-эркин, шаффоф ва мустақил фаолият юритиши учун барча зарур шароитлар яратилгани алоҳида эътироф этилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, “The Indian Express” газетасига 1931 йилда асос солинган. Бу кундалик газета ҳар куни 600 минг нусхада чиқади. Деҳли ва мамлакатнинг бошқа ҳудудлари учун алоҳида-алоҳида, яъни мослаштирилган ҳолда нашр этилади. Газетанинг кўплаб давлатларда мухбирлари борлиги ҳам эътирофга молик.

Учрашувда “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров босма нашрларнинг бугунги кунда тутган ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритди. Президентимизнинг алоҳида эътибори ва қўллаб-қувватлови, ҳукуматимизнинг бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг мутлақо янги даври бошлангани ва унинг самаралари ҳақида гапириб берди.

Мулоқот чоғида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти билан “The Indian Express” газетаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми тузиш ҳақида келишиб олинди.

– Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик ва сўз эркинлигига эътибор самараси ўлароқ, бугун биз Ҳиндистондаги энг илғор нашрлардан бирида ҳамкасбларимиз билан ўзаро фикр алмашдик, – деди Салим Дониёров. Бу нимадан далолат беради?  Бу, аввало, ўзбекистонлик журналистлар ҳам халқаро миқёсда фикр алмашиш, мамлакатдаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритиш имконига эга бўлганининг амалий ифодасидир. Бугун “The Indian Express” газетаси билан ўзаро дастлабки манфаатли келишувларга эришдик. “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталарида чоп этилган мақолаларни бу ердаги ҳамкасбларимизга юбориш ва чоп эттириш, мунтазам тажриба алмашиб туриш, буларнинг бари биз учун ҳам, ҳиндистонлик дўстларимиз учун фойдали бўлади, албатта.

Шунингдек, Ҳиндистон халқаро марказида “The Economic Times”  газетаси бош муҳаррири Пранаб Дҳал Саманта билан ўтказилган учрашувда ҳам Салим Дониёров мамлакатимиз медиа оламидаги бугунги ўзгаришлар шукуҳи, хусусан, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари фаолияти, миллий контент яратиш йўлидаги амалий ишлар ҳақида сўзлаб берди. Учрашувда ушбу газета таҳририяти билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ижобий хулосалар бўлди.