Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида икки мамлакат етакчиларининг олий даражадаги музокаралари очиқ ва ишчан муҳитда бўлиб ўтгани, мулоқотнинг самарали натижалари ҳақида сўз борди. Бу тарихий ташриф мамлакатларимиз дўстлигини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Мўғулистон ҳамкорлигининг кенг доираси, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар минтақавий ва халқаро тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқалар доирасида яқин мулоқотларни, ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда.
Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Етакчи компания ва корхоналар ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилаётгани таъкидланди.
Икки мамлакатнинг туризм соҳасида катта салоҳиятга эга эканлигини ҳисобга олиб, биргаликда сайёҳлик маршрутларини ишлаб чиқиш, турли тадбирлар ташкил этилиши сайёҳлик йўналишининг оммалашишига хизмат қилиши таъкидланди.
Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон – Мўғулистон парламентлари дўстлик гуруҳлари ўртасидаги муносабатларни фаоллаштириш ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Мўғулистон Буюк Давлат Хурали ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни ишлаб чиқиш ва имзолаш масаласи қўллаб-қувватланди.
Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Олий Мажлис Сенатининг Фахрий меҳмонлар китобида дастхат ёзиб қолдирди.
Икром АВВАЛБОЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА