Бухоро шаҳридаги “Арк” қўрғони олд майдонида II халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимга республикамизнинг таниқли заргар ва зардўзлари, хорижий давлатларнинг нуфузли ҳунармандлари, дизайнерлар, заргарлик корхоналари мутасаддилари, олимлар ва экспертлар, вилоят фаоллари, мамлакатимизнинг ва хорижнинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқларда катта кузатувчиларига эга инфофаоллар таклиф этилди.

Фестивалда республикамизнинг барча ҳудудларидан 114 нафар заргар, 39 нафар зардўз, 90 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётган ҳунарманд, шунингдек, 15 дан ортиқ заргарлик корхоналари қатнашди. Бундан ташқари, фестивалда 42 давлатдан 123 нафар нуфузли ва фахрий меҳмон, Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши вице-президенти, олимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, дизайнерлар ҳамда ҳунармандлар иштирок этди.

Фестиваль тадбирларини маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 100 дан ортиқ вакили, Покистон, Янги Зеландия, Ҳиндистон, Туркия  давлатларидан келган хорижий оммавий ахборот воситаларининг 4 нафар, шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган ва Ўзбекистонда доимий фаолият юритаётган Хитой давлатининг оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам ёритиб борди.

Фестиваль ва унинг доирасидаги тадбирларда 15 минг нафардан ортиқ сайёҳ, шундан, 4,5 минг нафарга яқин хорижий сайёҳ иштирок этди. Хусусан, Покистоннинг нуфузли “Newsletter”, Янги Зеландия, Хитой, Буюк Британия ва қатор давлатлардан келган ОАВ ҳамда инфлюенсерлар Бухорода бўлиб ўтган халқаро заргарлик ва зардўзлик фестивали таассуротлари, ёрқин лаҳзаларини хорижий журналлар, газеталар ҳамда инстаграм саҳифаларида ёритишди.

– Бир ойдан кейин Покистоннинг “Newsletter” журналининг навбатдаги сони фақат Бухородаги ушбу фестивалга бағишланади,  – дейди жаноб Ҳамид Чоудри. – Покистон аҳолиси Ўзбекистон ҳақидаги мақолаларни севиб мутолаа қилади. Шунинг учун биз янада кўпроқ маълумотлар берамиз ва Бухородаги ушбу ёрқин лаҳзаларни покистонлик ўқувчилар эътиборига ҳавола этамиз.

Маросим аввалида фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий ҳунармандлар ўртасида ўтказилган кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари “Энг яхши заргарлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўзлик ташкилоти”, “Энг яхши зардўз”, “Энг яхши заргар”, “Энг яхши зардўзлик мактаби устаси”, “Энг яхши заргарлик мактаби устаси”, “Зардўзлик бўйича қадимий сулола давомчиси”, “Заргарлик бўйича қадимий сулола давомчиси”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган зардўз”, “Қадимий анъаналарни қайта тиклаган заргар”, “Энг ёш маҳоратли зардўз”, “Энг ёш маҳоратли заргар” каби номинациялар бўйича тантанали равишда тақдирланди.

Тадбир театрлаштирилган тарихий-бадиий композицион томошалар,  вилоят ва республика санъат усталари, халқ жамоалари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.

 

Зариф Комилов,  Тоҳиржон Истатов (видео,сурат),  

ЎзА мухбирлари