Самарқанд ихтисослашган болалар хирургия марказида Осиё эндоскопик ва лапароскопик жарроҳлар жамияти билан ҳамкорликда чурраларни замонавий усулда даволаш бўйича халқаро анжуман ўтказилди.

Унда Япония, Сингапур, Ҳиндистон, Малайзия ва Марказий Осиё давлатларидан малакали жарроҳлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.

– Муассасамизда бир йилда ўртача беш мингга яқин жарроҳлик амалиёти бажарилади ва бу операцияларнинг 35 фоизи лапороскопик, торакалоскопик ва эндоурологик усулда амалга оширилади, – дейди Самарқанд ихтисослашган болалар хирургия маркази бош шифокори Жамшид Шамсиев. – Бундан олти-етти йил аввал эса асосан оддий операцияларни замонавий усулларда ўтказишга имкониятимиз бўлган, холос. Кейинги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар натижасида шу пайтгача хорижда амалга оширилган мураккаб операцияларни ўзимизда ўтказиш йўлга қўйилди, бунинг учун шарт-шароит яратилди. Жумладан, бизнинг марказда ҳам ҳозир юқори технологияли операцияларни ёш мутахассислар билан бирга бажаряпмиз. Бунда шифокорларимизнинг хорижда малака ошириб келаётгани ҳамда бугунги каби халқаро анжуман ва амалий семинарларнинг юртимизда тез-тез ўтказилаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Семинар иштирокчилари – юртимизнинг турли ҳудудларидан келган жарроҳлар, олимлар Япониянинг Огикубо жарроҳлик клиникаси департаменти раҳбари Нориаки Камеяма, Малайзиянинг эндоскопик ва лапараскопик жарроҳлар жамияти президенти Вимал Кумар ва бошқа бошқа малакали хирурглар маърузаларини тинглаб, уларнинг тажрибасини ўрганди. Хорижлик мутахассислар иштирокида ўтказилган жарроҳлик амалиётларини бевосита кузатиб бориш имкониятига эга бўлди.

– 2017 йилдан буён Самарқанд ихтисослашган болалар хирургия маркази билан ҳамкорликда ишлаямиз, – дейди Осиё эндоскопик ва лапароскопик жарроҳлар жамиятининг бош котиби, Сингапур каминвазив жарроҳлик маркази директори Дэвид Ломанто. – Мақсадимиз  бугун тиббиётда қўлланилаётган замонавий жарроҳлик амалиётларини кенг қўллаш ва бу орқали беморларни самарали даволаш, тезда саломатликларини тиклаб олишларига кўмаклашишдир. Бу галги амалий машғулотимизда обдоминал чуррани кам жароҳат етказадиган тарзда операция қилиб, ўз тажрибаларимизни ўргатдик.

Анжуман давомида хорижлик мутахассислар ихтисослашган марказда даволанаётган беморларни кўрикдан ўтказиб, зарур тавсиялар берди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири