Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA OIC) Россия Федерациясининг Татаристон пойтахти Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган “Қозон форуми-2024” доирасида “Интерфакс” агентлиги билан ҳамкорлик меморандумини расмийлаштирди.

Ҳужжатни бош директор Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий ва директор Андрей Панасенков имзолади.

Меморандум ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан янгиликлар алмашиш, Россия ва ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги муносабатга оид муҳим воқеалар, шунингдек инглиз, араб ва француз тилларида халқаро янгиликларни ёритиб боришга қаратилган.

Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий мазкур ташаббус ОАВ фаолиятига дахлдор умумий муаммоларни ҳал қилиш учун Иттифоқнинг халқаро медиа институтлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, тузилманинг медиа соҳасидаги иштирокини фаоллаштириш доирасида илгари сурилганини таъкидлади.

Дарвоқе, Иттифоқ РФнинг “Спутник”, “Viory”, “Татмедиа”, “РТ Арабик” каби қатор оммавий ахборот воситалари билан шерикликни йўлга қўйган.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА