Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Ўзбекистонда ўтказилган Осиё хотин-қизлари форуми самарали бўлди.

Унда Самарқанд декларацияси қабул қилингани, эндиликда шу асосда минтақавий миқёсда хотин-қизлар ҳаётини янада яхшилашга қаратилган амалий ишлар рўёбга чиқарилиши эътироф этилмоқда.

Форумда иштирок этган нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари бундай хайрли ишлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирди.

Форумдан кейин нуфузли меҳмонлар Президентимиз, Сенат Раиси билан учрашув ўтказиб, айнан шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш бўйича мулоқот қилди.

Жумладан, БМТ Бош котиби ўринбосари, “БМТ Аёллар” тузилмаси ижрочи директори Сима Сами Бахус ўтказилган учрашувларда ҳамкорлик асосида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этди. Уларнинг амалий натижаларини янада кўпайтириш зарурлигига урғу берилди.

*** 

Европа комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош директорати инсон тараққиёти, миграция, бошқарув ва тинчлик бошқармаси директори Эрика Герретсен ҳам Сенатга ташриф буюрди.

Сенат Раиси Т.Норбоева билан учрашувда томонлар инсон тараққиёти индекси, БРМни амалга ошириш, хавфсиз меҳнат миграциясини ташкил этиш каби соҳаларда ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилди.

***

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг ва Сенат Раиси Танзила Норбоева ўзаро ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилди. Келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ташкилий жараёнлари юзасидан фикр алмашилди.

*** 

Сенатда ўтган Кипр Республикаси ташқи ишлар вазири Константинос Комбос билан суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда парламентлараро алоқаларни йўлга қўйиш масалалари диққат-марказида бўлди.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА