Италиянинг «Рома» клуби спорт директори Тяго Пинто томонидан амалга оширилган, лекин жамоага кутилган фойда келтирмаган трансферлар муҳокама қилинди.
Гап шундаки, «Рома»га эгалик қилувчи Фридкинлар оиласи Тяго Пинто танлаган футболчиларни пойтахтга олиб келиш учун мўмайгина харажат қилишига тўғри келган. Бироқ, «Рома»ни Жозе Моуринью бошқарган даврда янги олиб келинган футболчиларнинг аксарияти кутилган натижани бермади. Маошлар, бонуслар, комиссиялардан ташқари 13 нафар янги ижрочи учун жами 110 миллион евро сарфланган.
Бу ҳодисаларнинг биз учун аҳамиятли жиҳати шундаки, Тяго Пинто катта трансферлар доирасида Элдор Шомуродов учун 20 миллион евро сарфлаган. Бироқ, «Рома» клуби Элдор Шомуродов трансфери учун «Женоа»га келишилган суммани тўлиқ тўлаб бергани йўқ. Римликлар ўзбек ҳужумчиси учун генуяликларга бу йил ҳисобидан 4 миллион евро ўтказиб бериши шарт. Келаси йили ҳам худди шу миқдордаги маблағ тўланиши талаб этилади. Яъни, пойтахтликлар икки йил ичида Элдор Шомуродов трансферидан 8 миллион евро қарзини ёпишига тўғри келади.
***
Мадриднинг «Реал» клуби ва Австрия терма жамоаси ҳимоячиси Давид Алаба 2024 йилги Европа чемпионатигача тикланишга улгурмайди. Тажрибали ҳимоячи декабрь ойи ўрталаридан бери майдонга туша олмаяпти. У 17 декабрь куни «Вилярреал»га қарши ўйинда тиззасидан жиддий жароҳат олган эди. Энди футболчи келаси мавсум бошида сафга қайтади.
Аммо Алаба жамоаси билан «Эвро-2024″га бориши мумкин. «Relevo» нашрининг хабарига кўра, Австрия бош мураббийи Ральф Рангник жароҳат олган ҳимоячига терма жамоа расмий делегацияси таркибида турнирда иштирок этиш учун мураббийлар штабидан вақтинчалик лавозим таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Эвро-2024″да Австрия Нидерландия, Франция ва Польша терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган.
***
Осиё футбол конфедерацияси президенти яна бир неча йил раҳбарлик лавозимида қолиши мумкин. Бу ҳақда Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган ташкилотнинг 34-Конгрессида маълум қилинди. Амалдаги етакчи Шайх Салмон 2013 йилнинг 2 майидан буён президентлик лавозимида фаолият олиб боради ва унинг ваколати 2027 йилга қадар амал қилади.
Бироқ ФИФА президенти Жанни Инфантино унинг 2031 йилга қадар қолишига ижозат берди, бу эса раҳбарлик низомига ўзгартириш киритилганидан дарак беради.
***
Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби футболчиси Неймар жароҳатидан фориғ бўлди.
Бразилиялик ҳужумчи мамлакат терма жамоаси сафида «ЖЧ-2026» саралаш босқичи доирасидаги Уругвайга қарши ўйинда жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиққанди.
Айни пайтда у тикланиш машғулотларини олиб бормоқда. Сўнгги тиббий маълумотларга кўра, футболчининг ҳолати яхши.
Неймар ёзда янги мавсумга тайёргарлик кўриш учун клуб сафига қўшилади.
***
Бельгиялик собиқ футболчи Эден Азар Англиянинг «Челси» клубига даромад келтирди. Азар бутсаларини «михга илган» бўлсада, унинг «Реал Мадрид» билан шартномаси ўз кучида қолмоқда.
Бельгиялик футболчи 2019 йил «Челси»дан «Реал»га 130 миллион фунт стерлинг эвазига ўтган ва беш йиллик шартнома имзолаган. Шунингдек, мадридликлар қўшимча бонуслар тўлаган. Шундай бонуслардан бири испанларнинг Европа чемпионлар лигаси финалига чиқишини ўз ичига оларди ва бунинг учун «қаймоқранглилар» Лондон клубига салкам 6 миллион евро ўтказиб бериши керак.
Шартнома кучи амалда бўлган Эден кетма-кет жароҳатлари туфайли ўтган мавсум атиги 10 та ўйинда майдонга тушиб, ёзда фаолиятини якунлаганини маълум қилганди.
***
Жанубий Корея К-лигаси 12-туридан ўрин олган «Инчхон Юнайтед» — «Сеул» учрашувида мезбон жамоа мухлислари томонидан майдонга сув идишлар улоқтирилди. Бунга сабаб, «Сеул» дарвозабони Бак Жонг Беомнинг рақиб жамоа тарафдорларига қилган хатти-ҳаракатлари бўлди.
Мазкур ҳодиса учун мезбон жамоа «Инчхон Юнайтед» 20 миллион вон (тахминан 15000 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Шунингдек, мухлисларни ғазаблантирган «Сеул» посбонига 7 миллион вон (тахминан 5200 АҚШ доллари) жазоси тайинланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА