Аввал хабар берилганидек, Жаҳон банки «Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» лойиҳаси учун 143 миллион доллар имтиёзли кредит ажратмоқда. 2023-2028 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси томонидан амалга оширилади. Унга кўра, 800 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари модернизация қилинади ва таъмирланади.

Куни кеча ўтказилган ушбу лойиҳа тақдимотида маҳаллий ва халқаро экспертлар бу борада амалга ошириладиган ишлар ва кутиладиган натижалар юзасидан ЎзА мухбирига интервью берди.  

Умид Мамадаминов, Энергетика вазири ўринбосари:

– Хабарингиз бор, Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқаришда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яъни, бунда «яшил» энергетикани ривожлантиришга асосий урғу берилаётир. Бугунги кунда яна бир муҳим масала, бу – ишлаб чиқарилган энергиянинг тежамкор истеъмол маданиятини оширишдир. Айнан биноларнинг энергия тежамкорлиги давр талаби, дейиш мумкин.

Таъкидлаганимиздек, мамлакатимизда энергия истеъмолининг 50 фоизи бинолар секторига тўғри келади. Аксарият жамоат бинолари 1970-1980 йилларда энергия самарадорлиги стандартларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилган. Улардаги иссиқлик изоляцияси ёмон ҳолатда бўлиб, ҳарорат бўйича қулайлик стандартларига жавоб бермайди.

Жаҳон банки «Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» лойиҳаси учун 143 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратяпти. Бугун ушбу лойиҳанинг тақдимотини ўтказдик.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 мартдаги «Жаҳон банки иштирокидаги «Ўзбекистон бинолари учун тоза энергия» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида амалга оширилади. Лойиҳани татбиқ этишда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси бевосита масъул ҳисобланади.

Лойиҳани амалга ошириш давомида 2023-2028 йиллар мамлакат бўйлаб 800 дан ортиқ ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, шифохоналар ва поликлиникалар энергия самарадорлигини ошириш мақсадида модернизация қилинади ва таъмирланади. Бундан кўзланган мақсад эса ижтимоий объектларда электр энергиясидан тежамкор ва самарали фойдаланиш қаратилган.

Йилдирим Туркeл, «Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия» лойиҳаси менежери:  

– «Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия» лойиҳаси 2023 йилдан 2028 йилгача давом этади ва беш йиллик лойиҳа фаолиятининг охирига қадар Ўзбекистон бўйлаб 800 га яқин бинолар таъмирланади. Биз, биринчи навбатда, Энергетика вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, Мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб бориб, шифохоналар, мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар биноларини таъмирлашни режалаштирмоқдамиз.

Шундай қилиб, биз Ўзбекистондаги лойиҳа бошқаруви қўмитаси бўлиб, Ўзбекистон ва бенефициар муассасаларга ўз хизматларимизни тақдим этаётганимиздан хурсандмиз. Шунинг учун лойиҳа энергия аудити, лойиҳалаш ва қурилиш босқичларида давом этади.

Айтганимдек, Ўзбекистоннинг барча 12 вилоятида 800 га яқин бино ёки 1000 та бинони таъмирлаймиз. Айни дамда Тошкент вилоятидан бошлаймиз, кейин эса Қорақалпоғистон ва Жиззахга борамиз. Шу асосда лойиҳани татбиқ этамиз.

Мурат Ҳусгур, «Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия» лойиҳасининг харидлар бўйича халқаро консультанти:  

– «Ўзбекистонда бинолар учун тоза энергия» лойиҳасини Ўзбекистонда амалга ошириш имкониятига эга бўлганимдан жуда мамнунман. Чунки у нафақат жамоат биноларида, балки бутун мамлакат бўйлаб энергия самарадорлигини ошириш учун ажойиб имкониятдир.

Ўзбекистон энергия самарадорлиги соҳасида улкан салоҳиятга эга. Мамлакатнинг қуёш салоҳияти жуда юқори ва бу унинг табиий ресурси сифатида газ истеъмолини камайтириш учун яхши имконият ҳисобланади. Самарадорликни ошириш мамлакатга уни бошқа давлатларга сотиш имконини беради. Бу эса даромадни янада оширади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиё энергетика корпорациясининг аъзоси ҳисобланади. Шунинг учун энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ёки бошқача айтганда, Ўзбекистонда энергия истеъмолини камайтириш мамлакатнинг бошқа ҳамкорлик давлатлари орасидаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Ушбу лойиҳада биз фақат жамоат биноларини қўллаб-қувватлаймиз, аммо Ўзбекистон энергетика секторига бундан ҳам кўпроқ маблағ йўналтирилиши керак. Бу ҳам лойиҳани Энергетика вазирлиги билан биргаликда якунлаганимиздан сўнг саъй-ҳаракатларимизнинг давоми сифатида кутмоқдамиз.

Шундай қилиб, лойиҳа самарадорлиги энг юқори стандартларга эга бўлади ва биз турли компаниялар билан ишлаш маданиятини яратишга, масалан, ишга кўп тармоқли ёндашишга, Ўзбекистон учун яхшироқ имкониятлар, яхши тежамкорлик, яхши салоҳият яратишга интиламиз.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева  

ёзиб олди.