Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, давлат иштирокидаги йирик корхоналар ва тижорат банкларининг фаолият самарадорлигини ошириш, замонавий бошқарув тизимини жорий этиш ва уларни трансформация қилиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун хусусийлаштириш орқали хорижий инвестицияларни жалб этишни жадаллаштириш мақсадида:

профессионал консультантларни жалб қилган ҳолда халқаро бозорда оммавий савдоларга чиқариладиган акция пакетлари (улушлари) рўйхати;

Халқаро фонд бозорида акцияларининг бирламчи (IPO) ва (ёки) иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказиладиган давлат иштирокидаги йирик корхоналар рўйхати;

давлат иштирокидаги йирик корхоналар устав капиталидаги акция пакетларини (улушларини) хусусийлаштириш олди тайёргарлик ишларини мувофиқлаштиришга масъул бўлган ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланди.

Ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат бўлади:

давлат иштирокидаги йирик корхоналарнинг молиявий ҳисоботлари халқаро стандартлар асосида тайёрланишини таъминлаш;

савдо жараёнларини ташкил этиш учун профессионал консультантлар жалб этилиши ва давлат иштирокидаги йирик корхоналар томонидан нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг барқарор кўрсаткичларига эришилишини мувофиқлаштириб бориш;

хорижий давлатлардаги қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи органлар ва биржалар билан ўзаро ҳамкорлик қилинишини таъминлаш, тегишли меморандум ва шартномаларни тузиш учун музокаралар олиб бориш;

андеррайтерлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва маркетинг материаллари тайёрланишини ташкил қилиш;

амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар чоракда Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясига ахборот киритиб бориш.

Ишчи гуруҳлар бириктирилган корхоналардаги давлат акция пакетларини савдога чиқариш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиб, уни Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритилишини таъминлайди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги акциядор бўлган давлат иштирокидаги йирик корхоналарни хусусийлаштиришга тайёрлаш, ишончли бошқарувчиларни жалб этиш ва мазкур жараёнларни мувофиқлаштириш учун халқаро консультантлар ва юридик хизмат кўрсатувчи ташкилотлар «UzAssets» инвестиция компанияси» АЖ томонидан жалб қилинади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «UzAssets» инвестиция компанияси» АЖга давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш олди тайёрлаш учун тўғридан-тўғри шартномалар асосида профессионал ташкилотларни (инвестиция воситачилари, ишончли бошқарувчилар, юридик хизмат кўрсатувчи ва консалтинг ташкилотлари, инвестиция банки, PR-компанияси ёки бошқа ихтисослашган компанияларни) жалб этиш ваколати берилади. Улар билан тузиладиган шартномалар ва шартномага оид қўшимча келишувлар «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда экспертизадан ўтказилмайди.

2024 йил 1 июлга қадар «Иссиқлик электр станциялари» АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушини ёхуд унинг таркибидаги алоҳида иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштириш бошланади.

Давактив агентлиги кимё саноати корхоналарини хусусийлаштириш ва ислоҳ қилиш дастурига мувофиқ «Деҳқонобод калий заводи» АЖ устав капиталидаги давлат акциялар пакетини 2024 йил якунига қадар хусусийлаштириш жараёни якунланиши кўзда тутилган.

2024 йил 1 июлга қадар профессионал консультантларни жалб этган ҳолда «Samarqand Avtomobil zavodi» МЧЖ устав капиталидаги «Ўзавтосаноат» АЖнинг 75,2 фоиз улушини савдога чиқариш ишлари бошланади.

2024 йил 1 июлдан бошлаб, давлат иштирокидаги йирик корхоналарда:

корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш учун кузатув кенгашига бўйсунадиган корпоратив котибият ташкил этилади;

корпоратив бошқарувнинг янгиланган қоидалари ва ахлоқ кодекси жорий этилади;

кузатув кенгашининг баённомаларини масофадан ахборот- коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон овоз бериш бюллетенлари орқали расмийлаштириш имконияти яратилади.

 

ЎзА