Давлат органларининг ҳисобдорлиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида вакиллик органларининг таъсирчан назорати йўлга қўйилмоқда.

Хусусан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида уларга қирқдан ортиқ қўшимча ваколат берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони бу борада муҳим қадам бўлди. Шу асосда “Кучли кенгаш, ташаббускор ва ҳисобдор ҳоким” тамойили асосида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолияти янада кучайтирилди.

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.

Олий Мажлис Сенати томонидан Концепция ишлаб чиқилишини ташкил этиш комиссияси ва ҳар бир йўналиш бўйича соҳа мутахассисларидан алоҳида ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Парламент юқори палатасида Сенати Раиси Танзила Норбоева раҳбарлигида ташкил этилган комиссия мажлисида Концепция лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларини том маънодаги ҳокимият институтига айлантиришни назарда тутадиган Концепцияда эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар белгилаб олинди.

Халқ депутатлари кенгашларининг самарали фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган омил ва сабабларни чуқур таҳлил қилиш, вакиллик органлари фаолиятига оид хорижий тажрибани ўрганиш лозимлиги таъкидланди.

Концепцияда маҳаллий кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш орқали депутатлар ҳамда сайловчилар ўртасида электрон мулоқот майдонини яратиш масаласи акс этади.

Концепция ҳамда уни амалга ошириш бўйича тегишли “йўл харитаси” лойиҳасининг кенг жамоатчилик вакиллари, хорижий экспертлар иштирокида муҳокамаларини ташкил этиш каби вазифалар белгилаб олинди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА