Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш борасидаги саъй-ҳаракатларга қарамай, ноқонуний ов қилиш, ҳайвон ва балиқларни тақиқланган ов қуроллари воситасида овлаш каби ҳолатлар юз бермоқда.

Маълумотларга кўра, 2024 йилнинг ўтган 3 ойи мобайнида 39 та ҳолатда электр токи билан, 436 та ҳолатда тўр билан ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари аниқланган. Бу каби ҳолатлар нафақат балиқлар, балки сувдаги барча катта-кичик жонзотларнинг қирилиб кетишига сабаб бўлади. Бу эса соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.

Амалдаги қонунчиликда тақиқланган ов қуролларидан, жумладан, электр қармоқда балиқ овлаш тақиқланган. Хусусан, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунда сув ҳавзаларида махсус рухсатномаларсиз балиқ овлаш ва бунда тақиқланган қуролларни, шунингдек, овлаш усулларини қўллашга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 90-моддасида эса ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

«Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида эса ов қуролларининг тақиқланган турларидан ва усулларидан фойдаланган ҳолда ов қилиш ғайриқонуний ов қилиш (браконьерлик) деб эътироф этилган.

Хорижий мамлакатларнинг бу борадаги тажрибаси, қонун ҳужжатлари ўрганиб чиқилганда, хусусан, Қозоғистон Жиноят кодексида ноқонуний ов қилганлик учун муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, мол-мулкини мусодара қилиш ёки олти йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш каби жазо чоралари белгиланганлиги маълум бўлди.

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Браконьерликка қарши курашнинг институционал асосларини такомиллаштириш» мавзусидаги давра суҳбатида браконьерлик учун жавобгарликни кучайтириш, амалдаги қонунчилик ҳолатини таҳлил қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида депутатлар ва мутахассислар томонидан ҳайвонот дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритиш зарурлиги айтилди. Тақиқланган қуроллар, воситалар ёки усуллар билан (портловчи ва кимёвий моддалар, биологик препаратлар, электр қармоқлар) ов қилганлик учун жавобгарликни кучайтириш таклифи билдирилди. Шунингдек, ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдорини оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Дарҳақиқат, мазкур соҳада жавобгарлик кучайтирилиши тақиқланган қуроллар, электр токи, портловчи ва кимёвий моддалар ҳамда биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда алоҳида ўрин тутади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА