Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Боболаримизнинг бой мероси ва миллий қадриятларига асосланган кучли маънавиятга таянамиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда қозоқ, рус, украин ва корейс маданий марказлари ҳамда профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар томонидан турли миллат вакилларининг миллийлигини ўзида акс эттирган қўл ҳунари намуналари, миллий буюмлар ва расмлар кўргазмаси ташкил этилди.

Сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган эзгу ҳаракатлар натижасида 130 дан зиёд миллат ва элат вакили ҳамжиҳатликда, иноқ яшаб келаётганлиги, ҳар бир миллатнинг ўзига хос миллий анъаналари ва урф-одатларини асраб-авайлашга ҳамда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Жойларда “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар халқимизни, турли миллат вакилларини, айниқса, ёшларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, юртимиздаги тинчлик ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш учун хизмат қилиши ва диний бағрикенглик ғояларини теран англаб етган ҳолда Янги Ўзбекистонни қуришга ҳисса қўшишга ундаши айтилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан концерт дастури намойиш этилди. Турли миллат ва элатларнинг куй-қўшиқлари барчага яхши кайфият улашди. Тадбирда фаол иштирок этган қозоқ, рус, украин ва корейс маданият марказлари вакиллари филиал раҳбарияти томонидан ташаккурномалар билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.