Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 2022 йил 2 мартда пластик билан ифлосланишни қисқартириш, денгиз муҳитини ва экотизимни муҳофаза қилиш бўйича резолюция қабул қилинган. Унинг асосий тамойиллари этиб пластикдан фойдаланишни камайтириш, “ифлослантирувчи тўлайди” тамойилини жорий этиш, қайта ишлатиш ва қайта ишлашни ўз ичига олган айланма иқтисодиётга ўтиш белгиланган.
Базель, Роттердам ва Стокгольм конвенциялари ҳамда “Барқарор ривожланишга кўмаклашиш” маркази тадқиқотлари ва таклифларига кўра, пластик чиқиндиларни бошқаришда ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларга “кенгайтирилган мажбурият” тизимини қўллаш тавсия этилган.
Европа Иттифоқининг “Чиқиндилар тўғрисида” ҳамда “Қадоқлаш ва қадоқлаш чиқиндилари тўғрисида”ги директиваларига мувофиқ, маҳсулотларни йиғиш, қайта ишлаш ва якуний утилизация қилиш мажбуриятларини мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчига юкловчи тамойили жорий этилган. Шу йўсинда ишлаб чиқарувчи атроф-муҳит учун безарар қадоқлаш турларидан фойдаланиши рағбатлантирилади. Ушбу тизимнинг татбиқ этилиши тажрибасини Европа Иттифоқининг аксарият мамлакатлари ҳамда Россия, Беларусь ва Қозоғистон мисолида кузатиш мумкин.
Мамлакатимизда 2025 йил 1 ноябргача пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ҳамда импорт қилувчиларга ўзлари ишлаб чиқарган ва импорт қилган маҳсулотлардан ҳосил бўладиган чиқиндиларни утилизация қилиш мажбуриятини юклаш бўйича меъёрий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳасида шу ҳақда маълум қилинган.
Фармон лойиҳаси “Ўзбекистон – 2030” стратегияси онлайн порталида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Лойиҳа 2025 йил 22 январга қадар кенг жамоатчилик ва экспертлар муҳокамаларидан ўтказилади.
Таклиф этилаётган янги тизим 2026 йилдан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши мумкин. Бунда пластик маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчилар ёки қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар томонидан пластик чиқиндиларни йиғиб олиш, саралаш ва қайта ишлаш ташкил этилади. Йирик савдо объектлари, супермаркет, гипермаркет, бозорларда пластик тараларни қабул қилувчи ускуналар ўрнатилади. Корхоналар ва импорт қилувчилар учун босқичма-босқич ишлаб чиқарувчиларнинг кенгайтирилган мажбуриятини юклаш тизими амалиётга татбиқ этилади.
Мисол учун, алкоголсиз ичимлик ишлаб чиқарувчи корхона пластик тараларини 2026 йилдан 50, 2027 йилдан 75 ва 2028 йилдан 100 фоизга утилизация қилиш мажбуриятини олади.
Хўш, натижа қандай бўлади?
Ушбу тизимнинг амалиётга жорий этилиши йилига 1,2 миллион тонна пластик чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрор фойдаланишга жалб қилиш йўли билан иккиламчи моддий ресурсларнинг тўпланиши ва фойдаланилиши даражасини оширишга хизмат қилади, дейилади Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотида.
Чиқиндихона ва полигонларга жойлаштириладиган чиқиндилар миқдорини қисқартириш ҳамда полигонларнинг фойдаланиш муддатини узайтириш ҳам бу жараёнда муҳимдир. Яна бир аҳамиятли томони шундаки, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, утилизация қилиниши, қайта ишланишининг ҳажми бўйича аниқ статистик маълумотлар шакллантирилади. Пластик маҳсулотларни тўлиқ қайта ишлашга жалб этиш иссиқхона газларини (СО(2) 75 фоизгача қисқартиришга имкон беради.
Чиқиндиларни қайта ишловчи маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш бўйича янги қувватларни ривожлантириш ҳам бу борадаги асосий мақсад саналади. Пластик чиқиндиларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш орқали юқори нафас йўллари, асаб тизими, юрак-қон томир ва аллергик касалликларнинг қисқартирилишига эришилади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА