Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходимлари ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Ли Мин Жёнг бошчилигидаги делегация аъзолари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот жараёнида “Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш, ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича марказ ҳамда инновацион давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш орқали мактабгача таълимда педагог кадрлар салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар муҳокама этилди.
Қайд этилишича, ўтган йил давомида лойиҳа доирасида қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, 6 минг нафарга яқин ўқитувчи ва тарбиячининг малакаси каскад усулида оширилди, педагоглар малакасини ошириш учун 200 нафарга яқин тренерлар тайёрланди.
Жорий йилда лойиҳа доирасидаги қурилиш ишларини 80 фоизга етказиш, 500 нафар мактабгача таълим соҳаси педагоглари малакасини ошириш ҳамда бунинг учун 88 нафар тренер тайёрлаш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, KOICA билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ушбу лойиҳа муддати 2026 йилга қадар мўлжалланган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА