Инсонлар табиатга азалдан қарам, улар табиатсиз яшай олмайди. Шунинг учун табиатни асрашга барча бирдек масъул.

Жорий йилнинг январь-март ойларида “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” республика кўрик-танлови бўлиб ўтади. 13–17 январь кунлари танловнинг саралаш, 20–31 январь кунлари эса сектор босқичлари ташкил этилади.

Танлов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ҳар йили январь-март ойларида ўтказилади.

Танловда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган 14 ёшга тўлган ва 17 ёшдан ошмаган барча ёшлар иштирок этиши мумкин. Бунинг учун ўқувчилар ўз таълим муассасаларидан 8 кишилик жамоа шакллантириши ва ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига онлайн ариза топшириши лозим.

Танлов 5 босқичда ўтказилади:

— саралаш (таълим муассасаси), 13–17 январь;

— сектор, 20–31 январь;

— туман (шаҳар), 3–14 февраль;

— ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри), 17–28 февраль;

— республика босқичи 10–19-март.

Агар гуруҳлар ўртасида умумий баллар тенг келиб қолса, 1, 2  ва 3-ўринлар сардорлар беллашуви орқали ҳал этилади. Сардорларга 10 та блиц саволлари берилади. Ғолиб ва иштирокчилар дипломлар ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Бу каби танловлар ёшларнинг экологик ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни Ўзбекистон Республикаси Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА