“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси қизғин кечмоқда. Фаоллар, депутатлар ушбу дастуруламал ҳужжатни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини ҳамда муносабатини баён қилмоқда. Жумладан, сиёсий партиялар етакчилари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Алишер Қодиров жамоатчилик муҳокамаси асосида давлат дастури лойиҳаси янада такомиллашишини, бу жараёнда партия фаол иштирок этишини қайд этди:

– Давлат дастури лойиҳасида белгиланган вазифалар кўлами, шубҳасиз, одамларни рози қилиш орқали юртдошларимизнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилган Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг навбатдаги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.

Дастурнинг “Ҳар ярим йилда Давлат дастури ижроси юзасидан ҳисоботларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиб бориш”, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш натижаларининг оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг шарҳлаб борилиши ҳамда унинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтиришга оид бандлари ҳар бир фуқаронинг ижро жараёнларидан хабардорлигини таъминлайди. Асосийси, бу жараён парламент қуйи палатаси депутатлари зиммасидаги масъулиятни ўн каррага оширади.

Давлат дастури лойиҳаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё афкор оммасини ташвишга солаётган иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини камайтириш, шунингдек, атроф-муҳит софлигини асраш, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган вазифаларнинг салмоғи билан ҳам аҳамиятлидир.

“Яшил” энергетика миллий иқтисодиётимиз драйверига айланганидан келиб чиқиб, бу йўналишда ҳам кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалар белгиландики, бу халқимизнинг узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммоларига ечим бўлади, албатта.

Шу ўринда давлат дастури лойиҳасида белгиланган вазифалар “Миллий тикланиш”нинг Сайловолди дастуридаги аксарият ғоя ва мақсадлар билан ҳамоҳанг эканини ва бу партиямизнинг барча бўғинлардаги депутатлари зиммасига масъулият юклашини таъкидламоқчиман.

Бугун ҳаётимиз маъно-мазмунига айланаётган Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсад, шубҳасиз, барчамизни амалда бирлаштириши, асосий эътиборни глобал масалаларга қаратиш лозимлигини кўрсатмоқда. Бу йўлда эса, айниқса, тарбия ва таълим, тил ва миллий қадриятларимизга оид қарашларимиз ўзгариши кераклигини ҳар қадамда сезиб турибмиз.

Дастурнинг биринчи йўналиши – “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш” деб номлангани бежиз эмас, деб ҳисоблаймиз. Айнан ушбу йўналишдаги вазифалар партиямиз дастуридаги ғоя ва мақсадлар билан ҳамоҳанг бўлиб, жумладан, ҳар бир туманда босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаби фаолиятини йўлга қўйиш ёки алоҳида таълим эҳтиёжига эга ўқувчилар билан ишлайдиган ўқитувчиларга махсус сертификатлар бериш ҳамда 3,5 минг камбағал оила фарзандларини олий таълим ташкилотларига грант асосида қабул қилишдек муҳим вазифалар ижросини таъминлаш баробарида бу жараёнда фаол иштирок этиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифалардандир.

“Миллий тикланиш” демократик партияси қатор таклифларни тақдим этиб, дастур лойиҳасини такомиллаштиришда фаол иштирок этади.

Муҳтарама Комилова тайёрлади, ЎзА