“Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфидаги корхоналар жорий йилда жами 8,2 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир.

АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Сурайё Пўлатова бу ҳақда маълумот берди. Унга кўра, ГЭСларда ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда қурилиш ва модернизация ишлари муҳим роль ўйнаган.

“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган ишлар натижасида яратилган қўшимча қувватлар эвазига гидроэнергетика салоҳиятини нафақат бир маромда сақлаш, балки мавжуд қувватларни йилдан-йилга ошириб боришга ҳам эришилмоқда. Хусусан, жами 55 та лойиҳанинг амалга оширилгани, 42 та янги ГЭСнинг қурилгани ва мавжуд 13 таси эса замонавий андозалар асосида модернизация қилингани бунга яққол мисол.

– Ўтган етти йилда мамлакатимизда ГЭСларнинг умумий сони 36 тадан 77 тага ҳамда қуввати 1 836 МВтдан ҳозирги 2 256 МВтга етказилиб, қўшимча яна 420 МВт қувват яратилди. Эътиборли томони шундаки, бу нафақат Ўзбекистонда, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида ҳам юқори кўрсаткич ҳисобланади. Жорий йилда жамият тасарруфидаги корхоналар томонидан жами 8,2 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга кўп. Ушбу кўрсаткичлар ташкилотимиз тасарруфидаги энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарда туну кун меҳнат қилаётган 2 минг нафардан ортиқ фидойи ходимнинг машаққатли меҳнати, шунингдек, 155 та гидрогенераторнинг узлуксиз эксплуатацияси, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларининг ўз вақтида бажарилиши туфайлидир, –деди С.Пўлатова.

Ҳозирги вақтда жамиятимиз таркибидаги корхоналар томонидан кунлик ўртача 20 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бу республиканинг кунлик умумий электр энергиясига бўлган талабининг ўртача 9-11 фоизидир.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА