2025 йилда қурилиш материаллари соҳасида ишлаб чиқариш ҳажмини 50 триллион сўмга етказиш, 1,2 миллиард долларлик экспортни амалга ошириш ва Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 4,4 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди.
Таъкидланишича, жорий йилда 18 миллион тонна цемент, 48,2 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 52 миллион квадрат метр керамик плитка, 95 миллион квадрат метр гипсокартон ва 1 миллион 30 минг дона санитар-техник буюм ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Шунингдек, 5,2 миллион ўрам гулқоғоз ва бошқа турдаги маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқарилади.
Экспорт ҳажмини ошириш мақсадида Латвия, Қозоғистон, Тожикистон, АҚШ, Россия ва Афғонистон давлатларида 6 та савдо уйи ҳамда 10 та савдо омбори ташкил этилади. Ушбу чора-тадбирлар орқали 50 турдан ортиқ қурилиш материаллари экспорт қилинади. Шу билан бирга, 20 дан ортиқ йирик корхона қўшимча 250 миллион долларлик экспорт имкониятини яратиши кўзда тутилган.
–2025 йилда соҳада 2,4 миллиард долларлик 204 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 14 минг 211 нафар янги иш ўрни яратилади. Жиззах шаҳрида «Mingyuan Silu Industry» МЧЖ ҚК томонидан қиймати 10 миллион долларга тенг бўлган, йилига 5 миллион квадрат метр индийланган ва рухланган махсус ойна ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Маҳаллий контент улушини 57 фоизга етказиш мақсадида хомашё сифати оширилиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Нукус шаҳрида «Qoraqalpoq Basaltwool» МЧЖ томонидан қиймати 64 миллион долларлик лойиҳа орқали 50 минг тонна иссиқлик сақловчи минерал плиталар ишлаб чиқариш бошланади.
Натижада 240 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 23 миллион долларлик экспортни таъминлаш режалаштирилган. Янги қувватлар ва инвестиция лойиҳалари орқали импорт ҳажмини 100 миллион долларга қисқартириш кўзда тутилган. Импорт улуши юқори бўлган цемент, қурилиш ойнаси, минерал момиқ ва шиша тола каби маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш ҳажми оширилади, – деди Ж.Шерметов.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА